Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Тошкентдаги томоша давом этадими?

Баҳо:
+6 | -


Кечаги учрашувни стадиондан кузатдим. Олдимда «Пахтакор»  эмблемаси туширилган шарфни бўйнига ташлаб олган ўрта ёшлардаги  бир киши ҳаяжонда ўйин бошланишини кутиб ўтирар, ёнимдаги ҳамкасбларимга  «Пахтакор»нинг аср бошидаги таркиби ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Бир қарашда «Пахтакор»нинг ҳақиқий мухлиси эканлигини дарров сездим…

Ўйин бошланган заҳоти ёнимдаги «Пахтакор» мухлиси сал ҳавфли вазият бўлиши билан ўрнидан туриб кетар, бақириб жамоани жон- жаҳди билан олдинга чорларди. Мен эса кулимсираб унга қараб қўйдим. Шунда у: “Кечирасиз, сиз «Насаф» мухлиси бўлсангиз керак?” - деб сўраб қолди. Мен: «Йўқ, биз чиройли ва ҳалол футболнинг мухлисимиз», - дея ҳазил қилдим.
У эса: “Унақаси бўлмайди, сиз келганингиздан бери «Насаф»га мухлислик қиляпсиз. Кўриб ўтирибманку!” - деди.
“Йўқ, биз Супер Лиганинг томошабоп бўлиши тарафдоримиз. Бугун «Пахтакор» очко йўқотадиган бўлса, ички чемпионатимизга интрига янада ошади”, - дедим.
«Пахтакор»нинг интрига билан иши йўқ. Биз ғалаба қозонсак бўлди”, - дея устимдан кулгандек бўлди.
Ўйинни суҳбатлашиб, тўғрироғи, баҳслашиб томоша қилдик. Бу орада «Насаф» ҳисобни тенглаштирганда ўрнимдан туриб кетдим! Билмадим нега, балки шундай қудратли жамоа олдида тиззаси қалтираб қолмаган йигитларга ҳавасим келгандир, балки клуби молиявий қийинчиликлар ўчоғида қолган бўлсада, тишини оқини кўрсатмасдан майдонда жанг қилган йигитларга юрагимда яқинлик сездимми…

«Пахтакор» мухлиси асабийлашар, устунлик эса аста-секин «Аждарлар» қўлига ўта бошларди. Шунда у менга: «Ана интирига хоҳлагандингиз», - дея асабий қараб қўйди.
Мен ҳам жавобни кечиктирмадим. “Стадионга қаранг. 15 минг мухлис ўйинни томоша қилмоқда. Бундан бир неча йиллар аввал бирорта жамоа «Пахтакор»га бас кела олмас эди, нега ўшанда стадионга мухлис кирмасди? Ахир «Пахтакор» ҳаммани енгардику!  Биродар, тушунинг бу мухлислар ҳалол ўйин ва муросасиз футбол кўргани келишган”, - дея жавоб қайтардим.
У ҳеч нарса демади, ичидан гапларим тўғри эканлигини сезди, шекилли, индамай қўя қолди.
Бу орада «Пахтакор» иккинчи голни киритди. «Пахтакор» мухлиси эса, менга қарадида: « Тўгриси ўйиндан ташқари холат эди», - дея индамай ўтираверди.
Унинг нигоҳида ғалабадан масрурлик асари ҳам йўқ эди.
Ўйин тугаши билан футболчиларнинг олдига ошиқдим…

Уларнинг майдондан чиқиб келишини кузатиб турар эканман, негадир кучли рақибдан заррача чўчимасдан, мухлислар қувончи учун майдонда жанг қилган йигитларни маҳкам бағримга босгим келди. Биринчи бўлиб «Пахтакор» футболчилари кўтаринки кайфиятда майдондан чиқиб, кийиниш хонасига ўтиб кетишди. Сўнг майдонда қадамидан ўт чақнаган «Насаф» футболчилари оғир қадамлар билан стадиондан кийиниш хонасига ўтиб кета бошлашди. Одатга кўра интервью олишим керак эди. Негадир, йигитларнинг кайфиятларини кўриб ғалати бўлиб кетдим. Уларнинг бўши эгик холда, йиғламсираб майдонни тарк этаётганини кўриш менга жуда оғир ботди. Дарров ҳар бирини қўлини сиқиб бугун халқ олдида сизлар енгилмадингиз дегим келар, ҳаммасини нимадур деб кўнглини кўтаришга урунмоқчи бўлардим. «Насаф» йигитлари эса оғир қадамлар билан кийиниш хонасига кириб кетишди…

Матбуот анжуманида Рўзиқул Бердиев асабийлашиб гапирди. Рўзиқул акани ҳеч қачон бу қадар асабийлашганини кўрмаган эдим. Мураббий: «Кийиниш хонасига кирсам, ёш болалардек йиғлаб ўтиришибди», - дея томоғига нимадир тиқилиб қолгандек гапиролмай қолди…

Менинг кўнглимдан эса қуйидаги фикрлар ўтди. Биз шундай асл  йигитларнинг жанговар руҳиятини синдириб, эртага жаҳон чемпионатларида иштирок этишдан умид қилишимиз ноўриндек кўринмоқда. Футболда ҳеч қайси машғулот руҳий устунликни бермайди. Бу мағлубият  ёш футболчиларнинг қалбларида узоқ муддат қолиши аниқ…

Ўйиндан сўнг ташқарига чиқсам, «Пахтакор» мухлиси сигарета тутатиб ёмғирдан пана жойда турган экан. Синчиклаб кузата бошладим. Унинг кўзларида ғалабадан асар ҳам йўқ. Нималарнидир ўйлаб жим эди.

«Пахтакор»нинг асл мухлислари кечаги учрашувдаги ғалабадан кўнгиллари тўлмагани аниқ. Сабаби ўша учрашувда «Шерлар» «Аждарлар»дан бир бош баланд ўйнай олмади. Ваҳоланки, шундай таркиб билан ўз уйида мағрур футбол намойиш қилиши шарт эди. «Пахтакор» буни уддасидан чиқа олмади. Демак, хали жамоада қилинадиган ишлар кўп. «Насаф»нинг ёш футболчиларига эса шундай  дегим келди:  «Кеча Тошкентда кўрсатган характерингиз учун бошингизни баланд кўтариб юрсангиз арзийди. Ўзбекистонда молиявий масалаларга қарамасдан, ғурур ва шаън учун майдонга тушадиган сиздек йигитлар бор экан ҳали нимадандир умид қилсак бўлади. Сиздек мард ўғлонларга ерга қараган нигоҳлар сира ярашмас экан!»

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:11, 06.04.2019.
Ўқилди: 13272 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.