ФРЕНКИ ДЕ ЙОНГ NIKE КОМПАНИЯСИ БОСИМИ ОСТИДА «ПСЖ» ЎРНИГА «БАРСЕЛОНА»НИ ТАНЛАДИ. КЕЧИРАСИЗ, НИМА? Машҳур экипировка брендининг футбол оламига таъсири ҳамма ўйлаганидан ҳам анча кучли, шекилли.
Кўпчиликнинг хабари бор, «Барселона» раҳбарияти 23 январь куни «Аякс»нинг ёш ярим ҳимоячиси Френки де Йонг трансферини эълон қилганди. Келишув суммаси - 75 миллион евро. Футболчи Каталония клуби сафига июль ойида қўшилади. Голландиялик вундеркиндга яна бир яққол даъвогар бор эди - «Пари Сен-Жермен». Бироқ ярим ҳимоячининг ўзи «Барса»ни танлади. ESPN нашри маълумотларига таяниб айтсак, унинг бу танловида учинчи куч таъсири ҳам бор экан - «Барса» ёш иқтидорни Nike компанияси ёрдами билан ўз томонига оғдирган эмиш...
Қизиқ, Nike футболчи трансферига қанақасига таъсир ўтказиши мумкин? Айтиш жоиз, «Барселона»ни ҳам, «ПСЖ»ни ҳам спорт экипировкалари билан айнан АҚШ фирмаси таъминлайди. Қолаверса, де Йонгнинг ўзи ҳам ушбу компания билан шартномага эга. Хуллас, муҳим трансферда «Барса» ва Nike ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамроқ эканлиги катта роль ўйнаган. Ҳар ҳолда, томонлар узоқ 1998 йилдан буён танаффуссиз ҳамкорлик қилишмоқда.
Тахминларга кўра, Nike агар де Йонг «Барселона» либосини кийган тақдирда клубга кўпроқ пул ажратишга ваъда берган. Катта эҳтимолки, қўшимча маблағ футболчининг маошига йўналтирилади. АҚШ компаниясининг бундай ёндашуви жуда ғалати. Зеро, у Париж клуби билан ҳам кўнгилдагидек муносабатда. Дейлик, Nike ва «ПСЖ» ҳамкорлиги доирасида бир қатор йирик лойиҳалар йўлга қўйилган. Биргина Nike — Jordan суббренди остида клубнинг Европа Чемпионлар Лигаси стартига бағишланган «Пари Сен-Жермен» коллаборациясининг ўзи салмоқли аҳамиятга эга...
Тахмин қилинишича, Nike шунинг баробарида футболчига талаб кўринишида қатъий тавсия ҳам берган. Унга мувофиқ, ҳозирча «Аякс» сафида нур сочаётган ёш юлдуз формаси орқасига фамилияси эмас, балки исмини ёздириши керак. Яъни де Йонг либосида «Френки» ёзуви порлаб туриши мақсадга мувофиқ. Тўғри, ушбу ғоя футболчининг ўзига унча маъқул эмас. «Ҳа, «Фрэнки» ёзуви остида ўйнашимни хоҳлашяпти. Nike фирмасининг хулосасига кўра, мерчендайзинг нуқтаи назаридан шу вариант яхшироқ экан. Бироқ шахсий фикрим бошқача. Ҳар ҳолда, бунга мойиллик сезаётганим йўқ», - деганди Френки де Йонг.
****
«Барселона» ва Nike 2016 йили ўзаро ҳамкорлик келишуви муддатини узайтирди. Янги шартларга мувофиқ, Каталония гранди экипировка таъминотчисидан йилига чамаси 160 евро олади (барча бонуслар билан бирга).