Аргентиналик Лео Мессининг энг машҳур мухлиси - Муртазо Аҳмади ҳақида кўпчилик эшитган бўлса, ажаб эмас. Унинг полиетелин халтачадан Аргентина терма жамоси миллий либосини ясаб олгани ва орқасига ручка ёрдамида “Месси“ деб ёзиб олгани ижтимоий тармоқларда катта шов-шув кўтарилишига сабаб бўлган эди.
Кейинчалик кичкинтой Муртазо Доха шаҳрида ўз кумири билан учрашган ва азалий орзусига етишган эди. Эртак чиройли хотима билан якун топгандек туюлган бўлиши мумкин, аммо бу воқеалар ёш мухлис ва унинг оила аъзоларининг ҳаётларини тубдан ўзгариб кетишига сабаб бўлди.
Толибонлар таъзиқи
Бўлиб ўтган воқеадан сўнг Муртазонинг дадаси Ориф Аҳмадига аноним қўнғироқлар сони бирданига кўпайиб кетади. Аслида этник ўзбек бўлган Афғонистонлик Ориф аввалига бу қўнғироқларга эътибор бермайди. Кўп ўтмай унинг уйида толибонлар вакили меҳмон бўлгач, вазият нақадар жиддий эканлигини ҳис қилади. Қахрамонимиз вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга уруниб кўради, аммо бу ҳеч қандай фойда бермайди. Толибон жангарилари унинг нима учун ўз ўғлини исломий таълим олиш ўрнига дунёвий муаммоларга ўралашиб қолганини изоҳлаб беришларини талаб қила бошлашади. Воқеалар ривожи кескин тус олаётганини кўрган Ориф Аҳмади ўз оиласининг хавфсизлиги ҳақида бош қотира бошлайди.
Покистонга қошич
Ориф Аҳмади бутун оила аъзолари номидан толибонлар билан кўришгани боради, улардан узр сўрайди ва ҳаммасини тўғирлашга ваъда беради. Бундай йўл тутилганидан кўнгли жойига тушган гуруҳ бироз шаштидан тушсада, уларни таъқиб қилишни тўхтатмайди.
Орадан 3 кун ўтгач қишлоқдагилар уларнинг уйида ҳеч ким йўқлигини сезиб қолишади. Бу вақтда Ориф Аҳмади ўз оиласи билан Покистон чегараларига яқинлашиб қолган эди. Ўғлининг ва оиласининг ҳаётидан ҳавотир олган ота уй-жойини ташлаб бегона юртга қараб қочишга мажбур бўлади. Унинг бундай йўл тутганидан ғазабланган толибонлар қидирув ишларини бошлаб юборишади, аммо бу вақтда ёш мухлиснинг оиласи Покистон давлатига кириб улгурган эди. Афсуски, уларнинг Покистондаги ишлари ҳам ҳа деганда юришиб кетавермайди.
2 йил давом этган мусофирчиликда қийналган оила ноилож яна ортга қайтишга мажбур бўлади. Уларнинг қайтгани ҳақидаги хабарни эшитган Афғонистоннинг 1-рақамли телеканалларидан бири саналадиган «Ариана Тв» ҳодимлари ёш мухлис ва унинг дадаси билан эксклюзив кўрсатув тайёрлашади. Кўрсатувда Муртазонинг дадаси Ориф Аҳмади: «У кечалари уйқудан уйғониб унинг исмини айтар, ҳар куни ишга кетаётганимда Мессининг футболкасини олиб келишимни илтимос қилар эди. Бир куни акаси Ҳумоюн полиетелин пакетдан унга футболка ясаб берди ва орқасига Месси деб ёзиб қўйди. Ўша кундан бошлаб ўғлим бошқа мендан футболка олиб келишимни сўрамади. Унинг полиетелин пакетини олиб қўймоқчи бўлдим, аммо у устидаги футболканусха нарсани шу қадар яхши кўрардики, ҳатто кечалари ҳам ечмай ётарди. Мен оғлимни кўнглини синдиришдан қўрқиб, устидагисини ечишини талаб қила олмадим. Менинг ва оиламнинг хатоси шунда бўлгандир, балки…»
Бу кўрсатувдан сўнг миллионлаб мухлисларнинг бу оилага муносабати ўзгарди. Шу жумладан толибонларнинг ҳам. Ҳозирда Ориф Аҳмади 4 ўғил ва 4 қизнинг отаси сифатида ўз қишлоғида яшамоқда. Қахрамонимиз кичкинтой Муртазо 8 ёшда. У ҳозирда катта олийгоҳларда илм олиш орзусида юрибди. Унинг орзуларидан бири ушалганига гувоҳ бўлдик. Умид қиламизки, унинг навбатдаги орзуси ҳам кўп ўтмай амалга ошади.
Yahyoxo'ja Ulug'xo'jayev