Хабарингиз бор, 19-26 апрель кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада қитъамизнинг 34 мамлакатидан 300 нафардан зиёд чарм қўлқоп устаси совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Эркаклар ўртасидаги мусобақада 192 нафар, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса 112 нафар спортчи иштирок этди.
Баҳсларда юртимиз шарафини 19 нафар спортчи (шулардан 10 нафари эркаклар, 9 нафари аёллар) ҳимоя қилди.
Бангкок мезбонлик қилган қитъа биринчилиги вакилларимиз учун омадли келди. Терма жамоамиз аъзолари баҳсларда 4 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлишди.
Осиё чемпионатида Нодиржон Мирзаҳмедов (-49 кг), Миразизбек Мирзаҳалилов (-56 кг), Бобоусмон Батуров (-69 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) олтин медалга эга чиқишди. Санжар Турсунов (-91 кг) эса кумуш медаль соҳибига айланди. Шукуржон Раҳимов (-60 кг), аёллар ўртасида эса Ёдгора Мирзаева (-57 кг), Мафтуна Мелиева (-64 кг) ва Шахноза Юнусова (-69 кг) бронза медалини қўлга киритишди.
Эркаклар ўртасидаги баҳслар якунига кўра, йигитларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Мусобақада ўзбекистонлик боксчилардан ташқари Қозоғистон 2 та, шунингдек Ҳиндистон, Мўғулистон, Тожикистон ҳамда Жанубий Корея вакиллари биттадан олтин медални қўлга киритдилар.
Аёллар ва эркаклар ўртасидаги баҳсларни қўшиб ҳисоблаганда 6 та олтин медаль қўлга киритган Хитой вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. Қайд этиш лозимки, ушбу 6 та медалнинг барчаси аёллар ҳиссасига тўғри келади. Умумжамоа ҳисобида кучли учликка 2 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза қўлга киритган Ҳиндистон вакиллари якун ясашди.
Маълумот учун, мусобақада қатнашган 34 мамлакатдан 16 таси Осиё чемпионатида медаллар жамғара олди. 18 мамлакат боксчилари эса ўз юртларига медалсиз қайтиб кетишди.