Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Младен Крстаич: «Мураббийлик фалсафам ҳужумкор ўйинга асосланади»

Баҳо:
+ | -

«Партизан», «Вердер» ва «Шальке» клубларидаги ўйинлари орқали машҳурликка эришган Младен Крстаич айни пайт Сербия миллий термасини бошқармоқда.

У жамоага 2016 йили Славолюб Муслиннинг ёрдамчиси сифатида келганди. Бир йилдан сўнг Муслин истеъфога чиқарилди ва Крстаич вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди. 2017 йилнинг декабрида эса тўлақонли шартнома имзолади. Унинг қўл остида жамоа ЖЧ-2018 финал босқичи йўллланмасини қўлга киритди. Аммо Россия майдонларида серблар кўнгилдагидек натижа қайд эта олишмади. Яъни, ўз гуруҳларида Бразилия ва Швейцариядан кейинги учинчи ўринни эгаллашди. Бироқ 2018 йилнинг кузида жамоа УЕФА Миллатлар лигасида ўз гуруҳида биринчи ўринни олиб, «С» лигадан «В» лигага кўтарилишга эришди. Яқинда Крстаич ФИФА расмий сайтига интервью бериб, турли мавзулардаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- УЕФА Миллатлар лигасида жамоангиз муваффақият қозонди. Евро-2020 саралаш баҳсларининг дастлабки учрашувида эса Португалия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнадинглар. Бундан олдин Германияга қарши кечган ўртоқлик учрашувида ҳам шундай натижа қайд этгандинглар. Сўнгги пайтларда Сербия футболида қандай ўзгаришлар бўлди?

- Миллатлар лигаси баҳсларида керакли ғалабаларни қўлга киритдик. Ўша ўйинлар орқали бир қатор ёшларни синовдан ўтказдик ва келажакда кимлар керак бўлишини аниқлаб олдик. Биз гуруҳда биринчи ўринни олиб, юқори дивизионга чиқдик. Бундан ташқари, Евро-2020 саралаш баҳсларининг қўшимча «плей-офф»ида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Германияга қарши ўйин эса қоғозда ўртоқлик мақомида бўлди. Португалия термасидан очко олганимиз қувонарли ҳол. Икки учрашувда ҳам жамоа жанговар руҳни намойиш этди. Сербия бундай йигитлар билан фахрланса арзийди. Аммо ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Олдимизда еттита ўйин бор. Гап 21 очко ҳақида кетмоқда. Натижаларни кўрган бўлсангиз, ҳар қандай ўйинда очко олиш осон эмас. Лекин жамоамга ишонаман ва биз бу саралашдан муваффақиятли ўта олишимизга кўзим етиб турибди.

- Жамоани 2017 йили қабул қилиб олгансиз. Нималарни ўзгартирдингиз?

- Ҳали ёшлигим, тажриба вақт ўтгани сари келишини биламан. Менинг мураббийлик фалсафам шундан иборатки, ҳужумкор футболни маъқул кўраман. Шогирдларим майдонга тушганида фақат гол уришларини талаб қиламан. Лекин бу ишни ҳар сафар ҳам уддалаб бўлмайди. Бунинг сабаблари кўп: рақиб жамоа савияси, уларнинг таркибларидаги футболчилар ва шунга ўхшаш нарсалар.

- Германиядаги ўйин сиз учун алоҳида аҳамият касб этган бўлса керак? Ҳар ҳолда, фаолиятингизнинг асосий қисмини Бундеслигада «Вердер» ва «Шальке» сафида ўтказгансиз.

- Ҳа, бу ҳақиқатан ҳам ажойиб тажриба бўлди. Германияда кўп нарса ўргандим, тажриба тўпладим. Чиндан ҳам бу юртдаги фаолиятим ажойиб бўлган. Вольфсбургдаги ўйинда ҳиссиётларга берилиб кетдим. Узоқ йиллардан буён кўрмаган инсонларимни кўрдим. Ажойиб суҳбатлар бўлди.

- Германия терма жамоаси айни пайт ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Ҳозирги авлод ҳақидаги фикрларингиз қандай?

- Германия - футболдаги суперсалтанат. Терма жамоага номзод бўлган 50 нафардан ошиқ футболчи бор. Уларнинг ҳар биридан фойдаланиш мумкин. Шунчаки, Евро-2020 саралаш баҳсларидаги стартларига эътибор беринг. Голландияни сафарда қай тарзда мағлуб этишди... Германия юқори чўққиларни забт эта оладиган авлодга эга.

- Сербия охирги учта Европа чемпионатига чиқа олмади. 2020 йилги қитъа биринчилигида иштирок этиш қанчалик муҳим?

- Юртимизда иқтидорли ёш футболчилар, шунингдек, тажрибали ўйинчилар бисёр. Ўйлайманки, ҳамкорликда керакли натижани қўлга киритамиз. Ҳақиқатан ҳам Еврода 20 йилдан буён қатнашмаймиз. Бу сафар йўлланмани қўлга киритсак, нима бўлишини таърифлаш қийин. Узоқ йиллик танаффусдан кейин йирик мусобақада иштирок этган бўламиз. Умуман олганда, бу нафақат Сербия терма жамоаси, балки бутун мамлакат футболи учун ҳам ўта муҳим.

- Жамоа таркибида 2015 йили бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблари бор. Сизнингча, улар олтин авлод бўла олишадими?

- Уларда ғолиблик қони бор. Меҳнаткаш бўлиш билан бирга бор имкониятларидан максимум фойдаланишади. Ишончим комил, уларнинг келажаклари порлоқ.

- Душан Тадич «Аякс»да ажо­йиб мавсумни ўтказмоқда. Унинг кўрсатаётган ўйинларидан ҳайрон қолдингизми?

- Душан катта одам. Унинг тажрибаси, билими, етакчилик сифати етарли. Шубҳасиз, клубини алмаштириши унга қўл келди. «Аякс» Европанинг энг буюк клубларидан биридир. Тўғриси, унинг ўйинларидан ҳайрон қолаётган жойим йўқ. Чунки Тадич ҳақиқатан ҳам кучли футболчи.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 02:18, 06.05.2019.
Ўқилди: 2109 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.