Жумладан, Қашқадарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Чироқчи туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда туман 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоалари ҳам, уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган бобо-бувиларимизнинг хонадонларида бўлиб, байрам билан самимий қутлашди.
Шу туманда туғилиб вояга етган, умрини спортга, хусусан миллий спорт турларимиздан бўлган курашга бағшида этган, ўнлаб Осиё ҳамда жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган, ҳали ҳамон ўзининг кураш клубида ўғил-қизларга узтозлик қилиб келаётган 80 ёшли Абдурашид полвон Мирзаевнинг хонадонига ташриф буюриб, эсдалик совғалари топширишди.
Бундай эътирофдан шодланган полвон бобо ҳали яна узоқ йиллар қишлоқ болаларини спортга жалб этиб, мамлакат терма жамоалари сафини муносиб номзодлар билан бойитиб боришни бот-бот таъкидлади.
Шунингдек, 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Чироқчи туман 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида футбол бўйича туман ёшлари ўртасида хотира турнири ҳам ташкил этилди.
Мазкур хотира турнири ушбу БЎСМда фаолият кўрсатган, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга, хусусан болалар футболини ривожлантиришда фидойилик билан меҳнат қилган, БЎСМнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган Тўлқин Исмоиловнинг ёрқин хотираси учун ўтказилди.
Туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташаббуси билан ўтказилган мазкур хотира турнирида дастлаб, спорт бўлими, БЎСМ жамоаси ва спортчи ўқувчилар Т. Исмоилов хонадонида ташриф буюришди, яқинларига ҳамдардлик тилашиб, эсдалик совғалари улашишди. Футбол майдонида тадбир олдидан ўтганлар хотираси учун Қуръон тиловат қилиниб, дуога қўл очишди.
Шундан сўнг 200 нафарга яқин болалар ўн иккита жамоага бўлиниб, ғолиблик учун тўп суришди. Кескин ва муросасиз баҳслар якунида биринчи ўринни тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин 37-мактаб ўқувчиларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни 28-мактаб ўқувчилари қўлга киритишди.
Беллашувлар якунига етгач, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, 1-БЎСМ томонидан ғолиб ва совриндор жамоаларга, марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига эсдалик совғалари топширилди.