Рио Олимпиадаси иштирокчиси, ҳозирда профессионал боксда фаолият олиб бораётган боксчимиз Хуршид Тожибоев навбатдаги жангини қачон ўтказиши маълум бўлди.
Унга кўра, ҳамюртимиз 18 май куни Даниянинг Орхус шаҳрида ташкил этиладиган жанг оқшомида рингга чиқади. Ўша куни боксчимизга грузиялик Иракли Шариашвили рақиблик қилади.
Маълумот учун, Тожибоев проф рингдаги илк жангини шу йилнинг 23 март куни Польшада мезбон боксчи Кристоф Роговскига қарши ўтказиб, учинчи раундда нокаут эвазига ғалаба қозонганди.
Иракли Шариашвили эса шу кунгача проф боксда 8 маротаба рингга кўтарилиб, уларнинг 5 тасида ғалаба қозонган. 2 маротаба мағлуб бўлган (1 та нокаут).
Яна 1 марта эса дурангга эришган. Айтганча, 18 май куни Данияда ташкил этиладиган жанг оқшомида шунингдек бошқа бир боксчимиз, Олимпия ўйинлари ғолиби Шаҳобиддин Зоиров ҳам рингга кўтарилади.
Зоиров 18 май куни Даниянинг Орхус шаҳрида ташкил этиладиган бокс оқшомида профессионал боксдаги иккинчи жангини ўтказади.
Ўша куни ҳамюртимизга грузиялик Мишико Шубитидзе рақиблик қилади. Маълумот учун, Шубитидзе шу кунгача проф боксда 28 маротаба жанг ўтказган ва уларнинг 12 тасида ғалаба қозонган (5 та нокаут).
13 маротаба мағлубиятга учраган (11 та нокаут). 3 маротаба дуранг қайд этган. Шаҳобиддин эса шу йилнинг 5 апрель куни БААда проф рингдаги дебютини нишонлаган ва унда индонезиялик Антони Холтни биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди.