Аввалига вилоятнинг кўп йиллик жамоаси, узоқ йиллар вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилиб келган “Нефтчи” бу стадиондан “ҳайдалганди”, энди эса “Истиқлол” жамоасига ҳам “кўча эшиклари” кўрсатилди
Ўзбекистон миллий чемпионати А Про-лигасида навбатдаги 7-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, икки турдирки меҳмон жамоа муваффақият қозона олмаяпти
А Про-лига мусобақаси бошланибдики биринчилик турнир жадвалининг юқори тўртлиги “Шўртан”, “Истиқлол”, “Хоразм” ва “Машъал” жамоаларидан “бўшамаяпти”. Дастлабки икки турда “Истиқлол” жамоаси биринчи поғонани банд этиб турди, орада “Хоразм” ҳам “ўзини намойиш этди”. Уч турдан буён эса шохсупани “Шўртан” ҳеч кимга бўшатмаяпти. Ғузорликлар гарчи кеча Фарғонада “Истиқлол” жамоасидан мағлубиятга учраган бўлса-да, пешқадамлик мавқеини сақлаб қолди.
Аслида ўйин ҳар доимгидек вилоятнинг бош аренаси – “Истиқлол” спорт мажмуасида ўтиши лозим эди. Бироқ учрашув арафасида ўйин “Нефтчи” клуби базаси – Қиргулидаги стадионга кўчирилди. “Истиқлол” стадионининг вилоят ҳокимиятига қарашли, аммо вилоят шарафини ҳимоя қилувчи жамоалар нима учун у ердан “бадарға” қилинаётганига тушунмадик. Аввалига “Нефтчи”, энди “Истиқлол”... Яхшиямки “Қўқон-1912” жамоаси уй ўйинларини ҳозирча шу стадионда ўтказяпти, маҳаллий мухлислар қизиқарли учрашувларни замонавий стадионда кузатишга муваффақ бўлишяпти. Бироқ, “Қўқон-1912” жамоаси ҳа демай ўз уйига – Қўқонга қайтадиган бўлса (Қўқондаги маҳаллий стадион майдонига замонавий чим ётқизилди), Фарғонадаги хайҳотдек стадион футболсиз хувиллаб қолмайдими?..
7-турдаги тўрт учрашувдан учтасида мезбонларнинг қўли баланд келди. “Машъал” ҳам, “Хоразм” ҳам, “Истиқлол” ҳам рақибларини яхшигина фарқ билан мағлубиятга учратишди, фақат “Шердор” ва “Оқ-тепа” ўйинида кучлар тенг келди...
“Шердор” – “Оқ-Тепа” – 1:1
Голлар: Марадона Сафаров (36) - Орифхўжа Абдухолиқов (53-пен.).
“Машъал” – “НЕФТЧИ” – 3:0
Голлар: Баҳодир Муртазоев (51), Жаҳонгир Қурбонбоев (54), Турсунмурод Ҳамдамов (65).
“Хоразм” – “Ифтихор” – 5:0
Голлар: Мирас Қорлибоев (10, 72), Тимур Бекчанов (50, 90), Ойбек Нурбоев (85).
“Истиқлол” – “Шўртан” – 3:1
Голлар: Жасурбек Эрмаматов (4), Сардорбек Сотволдиев (33), Ҳасанбой Эргашев (38, ўз дарв.), Шерзод Темиров (88).
Шу тариқа, 7-турдан кейин “Шўртан” жамоаси 15 очко билан пешқадамлик қиляпти. 2-3-ўринларда бораётган “Истиқлол” ва “Машъал” жамоаларида 12тадан очко бор. Кучлилар қаторига интилаётган “Хоразм” жамоаси 11 очкога эга. “Нефтчи”да 9, “Оқ-тепа”да 8, “Шердор”да 7 очко мавжуд. “Ифтихор” жамоаси эса атиги 4 очко билан жадвалнинг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди.
Тўпурарлар баҳсида етакчилар икки киши – Анвар Хожимирзаев ва Сардор Сотволдиев ихтиёрида 4тадан тўп бор. Эътиборли жиҳати, ҳар иккала футболчи ҳам “Истиқлол” жамоасида тўп тепади.
8-тур ўйинлари 29 майга белгиланган.