Ўзбекистон - Сурия учрашувидан кейин матбуот анжумани ташкил этилди. Унда дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Фажр Иброҳим қатнашди.
"Ўзбекистон терма жамоасини бугунги ғалаба билан табриклайман. Биз Тошкентга бир қатор етакчи футболчиларимизни олиб келмадик. Асосан ёш футболчилар билан ташриф буюрдик. Шу сабабли бугунги ўйинда ҳимояда баъзи хатоларга йўл қўйдик. Ўзбекистон терма жамоасининг Туркия ва КХДРга қарши ўйинларини таҳлил қилиб чиққандик. Бугунги рақибимизнинг ҳимоя чизиғи кучли эканини яхши билардик. Иккинчи таймда ташаббусга эга бўлдик, лекин барибир Ўзбекистоннинг ҳимоясини ёриб ўта олмадик", - деди Фажр Иброҳим.
Шундан сўнг Эктор Купер журналистлар саволларига жавоб бериб ўтди.
"Бугун ижобий натижага эришдик. Лекин ўйин давомида баъзи режаларимиз ўхшамади. Баъзи вазиятларда ўйлаб қўйган ишларимизни амалга ошира олмадик. Сентябрь ойида бошланадиган Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида бундан яхшироқ ўйин намойиш қиламиз.
Биз йиғинга чақирилган барча футболчиларни синаб кўришга ҳаракат қилдик. Бугун кўп ҳужумлар Элдор Шомуродов орқали ташкил қилинди. Тўғри, бир футболчига боғланиб қолмаслик керак. Лекин бу самара бераётган экан, биз бундан фойдаланишда давом этамиз.
Таркибда ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Сардоримиз Одил Аҳмедов бугун яхши ўйнади. Бу футболчининг бизга ҳали кўп фойдаси тегиши мумкин. Лекин керак бўлса Одил Аҳмедовни ҳам алмаштиришимиз мумкин. Асосий таркибда энг муносиблар майдонга тушади", - деди Купер.