Ўзбекистон Лига Кубоги чорак финали доирасидаги “Динамо” – “Андижон” (2:1) учрашувидан кейин мезбонлар устози Даврон Файзиев ўйин ҳақида тўхталди.
- Бугунги учрашувда “Динамо” ҳам, “Андижон” ҳам фақат ғалаба учун интилди. Рақибларимиз “Андижон” жамоаси ҳам 90 дақиқа майдонда кураш олиб боришди. Ярим финал йўлланмаси учун баҳс битта учрашувдан иборат эканлиги боис, жамоалар илк таймда эҳтиёткор, иккинчи бўлимда эса таваккал қилишга мажбур эдим. Зеро, уйда ўйнаяпмиз, гол урмасдан ютишни иложи йўқ фақат ва фақат олдинга боришимиз керак эди ва Баҳодир Насимов иккита голи билан захирадан тушиб ишончни оқлади. Ғалаба учун бутун жамоага раҳмат дейман.
Ўйин 90 дақиқа давом этди ва йигитлар охиригача курашишди. Мухлисларимиз ҳам “12-ўйинчи” сифатида бизга катта куч беришди ва якунда ярим финал йўлланмасини ҳал этдик.
Биз кубок баҳсларига йилни бошидан жиддий эътибор қаратаяпмиз, дея оламан. Энди ярим финалга чиқдик ва бир қадамдан кейин финалга чиқишимиз мумкинлигини йигитларимиз ҳам тўғри тушуниб туришибди. Финалгача бир қадам қолганда орқага чекиниш йўқ. Охиригача курашамиз. Шота Арвеладзе ўтган турда “Пахтакор”нинг требл қилиш учун курашиши ҳақида айтди. Шунга қарамай, биз ҳам кучимизга ишониб, дастлаб ярим финалдан ўтишга интиламиз. Ҳозирча мақсадимиз финалга чиқиш. Ундан кейин нима бўлиши эса фақат Худодан.
Усмон Ибодов ёзиб олди.