«Барселона» клуби "Атлетик Бильбао"га қарши ўйиндан кейин тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортгани учун Усмон Дембелени жазолаши мумкин. Бу ҳақда Sport.es хабар тарқатди.
Агар 22 ёшли футболчи ўзининг жароҳатини шифокорлардан онгли равишда яширган бўлса, бу Ла лига ва Испания футболчилар ассоцаицияси қоидаларига кўра қўпол қоидабузарлик ҳисобланади.
Бундай ҳолатда футболчи 11 кундан 30 кунгача ўйинлардан четлатилиши мумкин ва бу давр мобайнида унга маош тўланмайди. Натижада футболчи 360 минг евродан 1 миллион еврогача даромадидан маҳрум бўлади.
Франциялик футболчи ўйинлардан четлатилмаса ҳам 215 минг евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Агар у қўпол қоидабузарликка йўл қўйган бўлса, бир ойлик маошининг 25 фоизи миқдорида жаримага тортилади.
Дембеле душанба куни тиббий кўрикдан ўтганидан кейин унинг чап оёғи сон қисмидаги мушаги лат егани аниқланди. Унинг тикланиши учун 5 ҳафта вақт керак бўлади.