"Барселона" клуби "ПСЖ" ҳужумчиси Неймарни қўлга киритишга яқин турибди. Хўш, мазкур трансфер "кўк-анорранглилар"га қанча тушади? AS нашри журналистлари буни ҳисоб-китоб қилиб кўришди.
Бразилиялик футболчи ойлик маош борасида талабини камайтирса ҳам (унинг Франциядаги йиллик маоши 37 млн евро), бу "Барса" учун катта аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин. Солиқлар билан қўшиб ҳисоблаганда, каталонияликлар Неймар учун бир йилда тахминан 60 млн евро сарф қилф қилишади. Беш йиллик шартнома учун бу сумма 300 млн еврога етади. Бунга "Пари Сен-Жермен"га тўланадиган 170 млн евро трансфер суммасини қўшса, бу сон 470 млн еврога етади.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Футболчининг "Барселона"га ўтиши учун агентларга маълум маблағ тўланиши керак бўлади. Масалан, Неймар "ПСЖ"га ўтаётганида бу харажат 50 млн еврони ташкил қилган эди. Шу тариқа, мазкур трансфер учун "Барса" беш йил давомида 500 млн евродан кўпроқ пул сарфлашига тўғри келади.
Табиийки, "Барселона"да бунча пул йўқ. Жамоа Антуан Гризманнинг трансфери учун 120 млн евро атрофида кредит олишига тўғри келди. RAC 1 тарқатган хабарга кўра, "кўк-анорранглилар" яна бир марта қарз олишига тўғри келиши мумкин. Аммо каталонияликларнинг айни кунлардаги қарзи шундоқ ҳам 200 млн еврони ташкил қилади.
Яна бир жиҳат. Ҳозирги кунда жамоа йиллик бюджетининг (960 млн евро) 62 фоизини (595 млн евро) футболчиларнинг маошига сарфлайди. УЕФА ҳалол ўйин қоидасига кўра, ушбу кўрсаткич 70%дан ошиб кетмаслиги керак. Неймарга тўланадиган маош эвазига "Барса" бу лимитдан чиқиб кетиши мумкин.