«Барселона» клуби «ПСЖ» ҳужумчиси Неймарни қўлга киритиш мақсадида Усмон Дембеле ва Иван Ракитични парижликларга беришга рози бўлишди. Ҳозирда "ПСЖ" ҳар иккала футболчи билан музокара олиб бормоқда.
22 ёшли футболчи "Камп Ноу"ни тарк этмоқчи эмас, аммо «ПСЖ» бош мураббийи Томас Тухель франциялик ўйинчини ўз жамоасига ўтиш учун кўндиришга уринмоқда. Дембеленинг агенти Мусса Сиссико музокараларда иштирок этиш учун Парижга ташриф буюрди.
Тухель ва Усмон Дортмунднинг «Боруссия»сида бирга ишлашган. Ёзги трансфер муддати аввалида 45 ёшли мутахассис Дембелени кўндиришга ҳаракат қилган эди, аммо бу ҳеч қандай натижа бермаган эди.
Неймарнинг каталонияликлар сафига ўтиши Дембеле ва Ракитичга боғлиқ бўлиб турибди. "Барса" Ракитични "ПСЖ"га тўлақонли трансфер қилмоқчи бўлса, Дембелени 1 йилга ижарага бермоқчи. Бундан ташқари, «кўк-анорранглилар» парижликларга 125 миллион евро беради.