Италия чемпионатининг 2-турида "Ювентус" ва "Наполи" жамоалари «Альянц Стэдиум»да тўқнаш келишди ва мухлисларга ажойиб ўйин намойиш қилиб беришди.
Ишқибозлар бу учрашувда 7та голга гувоҳ бўлишди. Ўйин бошида олис масофадан йўлланган зарбани туринликлар посбони маҳорат билан қайтаришга муваффақ бўлди. Шундан сўнг эса "Юве"нинг омадли лаҳзалари билан бошланди. Мезбонлар қарши ҳужумда неаполликларни жазолашди: Дуглас Коста тўпни рақиб жарима майдончасигача олиб бориб, ҳужумда пайдо бўлган Данилога узатма берди. Ҳимоячи ҳужумчиларга хос равишда дарвозани ишғол қилди. Орадан кўп ўтмасдан Игуаин жарима майдончаси қиролига хос ҳаракат қилиб, ҳимоячини алдаб ўтдию дарвозани забт этди. Танаффусга қадар ҳар иккала жамоада яхши имкониятлар бўлди, тўп дарвоза тўсинларию устунларига тегди.
Иккинчи бўлимда Роналду қанотдан етказилган узатмани жарима майдони ичида қабул қилиб, 15 метрлардан аниқ зарба билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Гўёки ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди. Аммо шундан сўнг Анчелотти жамоасининг муваффақиятли юриши бошланиб кетди. Орадан кўп ўтмасдан неаолликлар икки дақиқа ичида гол уришга эришишди. Баҳс тугашига 9 дақиқа қолганида эса меҳмонлар жарима зарбасидан сўнг ҳисобни тенглаштиришди.
Ўйин дурангга қараб бораётганида аламли автогол "Ювентус"га ғалаба келтирди. Жарима тўпи ўйинга киритилганидан кейин Кулибали хавф йўқ жойда тўпни ўз дарвозасининг "тўққизлиги"га жойлаб қўйди.
Ушбу ғалабадан кейин "Ювентус" ўз очколарини 6тага етказиб, А серия жадвали пешқадамига айланди.
Италия А серияси, 2-тур
Ювентус – Наполи 4:3 (2:0, 2:3)
Голлар: 1:0 – 16 Данило, 2:0 – 19 Игуаин, 3:0 – 62 Роналду, 3:1 – 66 Манолас, 3:2 – 68 Лосано, 3:3 – 81 Ди Лоренцо, 4:3 – 90, автогол Кулибали.
Ювентус – Шченсни, Де Шильо (Данило, 15), Бонуччи, де Лигт, Алекс Сандро, Хедира (Эмре Жан, 60), Пьянич, Матюиди, Дуглас Коста, Игуаин (Дибала, 76), Роналду.
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Манолас, Кулибали, Ғулом (Мариу Руй, 46), Кальехон, Зелиньски, Аллан (Элмаз, 74), Инсинье (Лосано, 46), Фабиан Руис, Мертенс.
Огоҳлантиришлар: Ғулом (40), Ди Лоренцо (44), Матюиди (52), Алекс Сандро (80), Дуглас Коста (83), Элмаз (90).