"Ювентус" ярим ҳимоячиси Адриан Рабьо жамоани тарк этиш ҳақида ўйлай бошлади. Франциялик футболчи ва унинг онаси Вероник "кекса синьора" сафидаги ўйин амалиётидан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Шу боис, 24 ёшли футболчи Туринни тарк этиши мумкин.
Испания матбуоти тарқатган хабарга кўра, Рабьо фаолиятини давом эттириши мумкин бўлган вариантлардан бири сифатида "Барселона" қаралмоқда. Маълумотларга қараганда, футболчининг онаси "кўк-анорранглилар" раҳбарияти билан алоқага чиқди.
Аввалроқ Рабьонинг "Барселона"га ўтиши кутилганди. Томонлар бу борада келишувга эришишганди. Бироқ ўйинчининг онаси каталонияликлардан таклиф қилинган маошдан кўпроғини талаб қилиши натижасида "кўк-анорранглилар" Адриан билан шартнома имзоламасликка қарор қилишган эди.
Рабьо ёзги трансфер пайтида эркин агент сифатида "Ювентус" сафига қўшилди. Италия чемпионатининг ушбу мавсумида у 4та ўйинда майдонга тушди. Унинг тахминий нархи 35 миллион еврога баҳоланган.