Бугун Ўзбекистон МТЖ жаҳон чемпионати саралаши доирасида Яман терма жамоасини қабул қилади. Шу муносабат билан биз спорт шарҳловчиси, тажрибали мутахассис Мурод Ризаевнинг терма жамоамиз ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
“Вадим Абрамовнинг бош мураббий бўлганидан хурсандман. Бунга иккита сабаб бор. Биринчиси, Ўзбекистон терма жамоаси айнан Абрамов билан энг яхши ўйинларини ўтказган. Чунки Абрамов футболчиларни руҳлантира олади, тил топиша олади, уларни фарзандидек кўради. Яъни ўша футболчилар Абрамов ҳурмати учун ҳам ўйнашади.
Иккинчи сабаби. Савдо одами бировнинг ҳақини яхшироқ тушунади. Агар 50 минг пул олиб, алдаб 40 минг бериб кетсангиз ёки 50 минг пул бериб, 60 минг сўмлик нарса харид қилсангиз, ўша 10 минг буюрмайди. Бу бировнинг ҳақи... Ўша мусобақа Абрамовнинг ҳақи эди, кўп гапиришнинг ҳожати йўқ. Тўғри, Қосимовнинг ҳам айби йўқ, лекин Абрамовга имкон бериш керак эди.
Биз бу босқичдан осонгина ўтишимиз лозим. Лекин... Майли, ўйин қовушмади. Муҳими, қайси мураббий билан бўлса ҳам бу босқичдан ўтишимиз шарт.
Лекин... Балки, буни айтиш керакмасдир, балки, керакдир, кейинги босқичда Осиёнинг кучли тўртта жамоаси сафига киришимизга кўзим етмаяпти. Ҳатто Абрамов билан ҳам. Чунки бизнинг футбол Япония, Австралия, Эрон, Жанубий Корея футболидан орқада. Ҳозир Австралияда авлодлар алмашинуви. Балки, Абрамов шундай фойдаланиб қолар. Агар бу уддаласа, унга қойил қоламиз...
Неча циклдан бери Осиёнинг бешинчи жамоасига айланиб қоляпмиз. Илгарилари кучли тўртликка киришимиз мумкин эди, имконият бор эди. Ҳозир эса... Сўнгги 10 йилликда Япония, Эрон, Австралия, Жанубий Корея футболи жуда кучайиб кетди. Шунинг учун негадир мундиалга чиқишимизга ишонолмаяпман.
Олдиндаги ўйинларга келадиган бўлсак, тахминим, Яманни 4:0, Сингапурни 2:0 га ютсак керак.
Хулосам, Абрамов келди, энди жаҳон чемпионатига чиқамиз, деб қувониб қолиш керакмас. Чунки Ўзбекистон терма жамоасининг энг кучли ўйини ҳам Эрон, Япония, Австралия ва Жанубий Кореядан орқада.
Аммо ваъда-ваъда, агар мундиалга йўл олсак, мухлисларга ош қилиб бериш менинг бўйнимда”, деди Мурод Ризаев.