Жанубий Кореянинг машҳур naver.com сайтида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан ўтказиладиган ўртоқлик ўйинлари олдидан мақола эътиборимизни тортди. Мухбир Сео Жоэнг Хваннинг “Тезкор ҳужум ва асосий «тактика»ни яшириб, иккита қуённи ушлай оламизми?!” номли мақоласида терма жамоамиздан ҳадиксираётгандек хулоса чиқарасиз.
Унга кўра: “Ким Хэк Боум бошчилигидаги U23 футбол жамоаси 11 ва 14 октябрь кунлари Ўзбекистонга қарши майдонга тушади. Дастлабки учрашув бугун Ўзбекистон вақти билан 16:30 да «Хвасеонг» спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Келаси йили Таиландда ўтказиладиган Ёшлар (U23) ўртасидаги Осиё чемпионати-2020 мусобақасида Жанубий Корея Ўзбекистон, Хитой ва Эрон билан бир гуруҳдан жой олган. Шу боис, мазкур учрашув кучли аҳамиятга эга. Ўзбекистон U23 Осиёдаги энг кучли 5 та жамоадан бири. Ушбу икки ўйин орқали Жанубий Кореа U23 термаси Ўзбекистоннинг «бурнини ерга ишқаши» керак. Шундай йўл тутиб, Ўзбекистонни финал босқичида осонликча енга оламиз,” - дейилади. «Муаммо шундаки, агар биз ўз кучимизни ҳаддан ташқари кўп ишлатиб қўйсак, биз фақат Ўзбекистон учун яхши иш қилган бўламиз. Биз рақибимизни синчковлик билан ўрганиш учун тўлиқ имкониятларимизни яшириб, алдамчи тактикаларга таянишимиз керак».
Шунингдек, бош мураббий Ким Хэк Боум термамиз ўйинларини видеотаҳлил қилиб, термамизнинг ижобий ва салбий томонларини аниқлагани таъкидланган. «Биз жамоамизнинг бутун кучини осонликча кўрсатиб қўя олмаймиз. Ўзбекистон термаси ҳам услубини ошкор қилмай, кутилмаган ўйинчилардан фойдаланиши мумкин».
Ҳозирда жанубий Кореанинг ”Сеонгнам” жамоасида тўп сураётган Ким Донг Хун: "Тактикани яшириш мумкин ва энг яхшиси барча ўйинчиларни синовдан ўтказиш зарур. Мен 100 фоиз маҳоратимни намойиш этишим керак”, - деб таъкидлаган.
Корейс тилидан Раҳмиддин Шерматов таржима қилди.
Жанубий Корея, Тэгу шаҳри.