Бельгия терма жамоаси ҳамда “Интер” ҳужумчиси, гавдаси ва катта боши туфайли “Танк” лақабини олган Ромелу Лукаку онасига шундай ваъда берган: “Сиз ва бобомга ғамхўрлик қиламан, сиз ҳеч қачон йиғламайсиз”.
Қашшоқ болалик
Ромелу Менама Лукакунинг томирида акаси Жорданники каби футболчининг қони оқади. Чунки отаси ҳам Бельгия жамоаларида ўйнаган, онаси Адольфина эса фаррош бўлиб ишлаган. Ромелу футболга меҳр қўйганида отаси аллақачон фаолиятини тугатган эди. Оила жуда қашшоқ яшарди, ишлаб топилган маблағнинг бир қисми, Конго Республикасидаги қариндошларга жўнатиларди. Кўпинча уйда иссиқ сув ва элетр бўлмасди, столда нон ва сут турарди, холос. Мактаб директори ёш Ромелуга автобусда юришга пули бўлмагани учун велосипед совға қилганди. Қўшни дўконлар эса қарзга нарса беришарди.
Доим гувоҳномасини олиб юрган
Лукаку таълим билан бирга спорт мактабига ҳам қатнарди, у қатнайдиган мактабга отаси ҳам ёшлар мураббийи сифатида ишлай бошлади. Қолаверса, бу мактабга ўғилларини кузатиш учун ота-оналарнинг ҳам келишига рухсат берилганди.
Ромелу фаолиятини маҳаллий ёшлар жамоасида бошлади. У доимо туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб юришга мажбур эди, чунки гавдаси туфайли ота-оналар унинг ўғиллари билан тенгдош эканлигига ишонишмас, уни атайлаб ёши кичиклар орасида ўйнаб юрибди деб айблашарди. Футболчи интервьюларидан бирида бундан ҳар сафар жаҳли чиқишини, ҳар сафар “Шу охирги марта майдонга чиқишим”, деб қарор қилишини айтган. Аммо доим ўзида яна майдонга чиқиш учун куч топа оларди.
Мураббий билан гаров
11 ёшида Лукаку Бельгиянинг “Льерс” клуби ёшлари таркибига бориб қўшилади. 12 ёшида эса 34 та ўйинда 76 та гол уради. 14 ёшида эса «Андерлехт U-19» клубига бориб қўшилади. Бу эса Ромелунинг ҳаётида ўзига хос бурилиш эди. Ромелу мураббийи билан гаров ўйнайди: агар Лукаку 6 ойда 25 та гол урмаса, захира ўриндиғига михланади, бордию бу ишни амалга оширса, мураббий Лукакунинг жамоадошлари учун хизмат автобуси олинишига ёрдам беради ва жамоа учун зиёфат уюштиради. Натижа шундай бўладики, рождество арафасида футболчи туфайли жамоадошлари ширинликлар билан сийланади. Бундан ташқари, Лукаку 16 ёшга тўлгач, “Андерлехт” унга шартнома ва хизмат автомобили, оиласига эса янги уй таклиф қилади. Ромелу онасига “ҳаётимиз ҳали ўзгариб кетади” дея берган ваъдасини бажаради.
Лукаку ўзи учун биринчи навбатда севимли телевизорини сотиб олади ва кабель телевидениесини ўрнатади. Мақсади Бельгия чемпионати финалини томоша қилиш эди. Кейинроқ эса уни “Андерлехт”нинг асосий таркибига чақиришади. Мактабни тугатиш арафасида, аниқроғи битирув кечаси вақтида Ромелу Европа лигасида майдонга тушади.
Футбол
Ромелу ўзининг биринчи профессионал мавсумидаёқ мамлакат тўпурарига айланиб, “Олтин бутса”ни қўлга киритди. Шу билан бирга ўша пайтда Дик Адвокат бошқараётган терма жамоа сафига чақирилди. Кейин эса «Челси», «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед» клублари ёш иқтидорга қизиқиш билдиришди. “Челси” варианти қулайроқ чиқди, қолаверса, бу трансферга Дидье Дрогба ҳам қўшилди. Лекин “аристократлар” хўжайини ёш ва машҳур бўлмаган футболчи учун 2 млн фунт стерлинг жуда қиммат деб ҳисоблади. Бир йил ўтгач “Челси”, барибир, Лукакуни сотиб олди, аммо энди Роман Абрамович 15 млн тўлашига тўғри келди.
Лукакунинг “Челси”, “Эвертон” ҳамда “МЮ”даги фаолиятига тўхталиб ўтишни доиз топмадик.
Энг яқин сирдоши
Ромелунинг энг яқин дўсти ва сирдоши — онаси. “Андерлехт”даги 9-рақам — туғилган кунининг бир қисми. Онаси ўғлини гарчи ҳафтасига 130 минг фунт стерлинг маош таклиф қилинган бўлса-да, “Эвертон” билан шартномани узайтириш фикридан қайтарган. Адольфина, аслида, Лукакунинг менежери ҳисобланади, гарчи футболчи “Roc Nation Sports” агентлиги билан ҳамкорлик қилса-да (бастакор Jay-Zга тегишли агентлик).
Ромелу Лукаку ва севгилиси
Лукакунинг севгилисининг исми Жулия Ванденвеге. Жуфтликнинг биргаликдаги суратлари ОАВда ва ижтимоий тармоқларда камдан-кам тарқалади.
Жулия сайёҳлик агенти бўлиб ишлаган, аммо кейин Лукакунинг илтимосига кўра унинг ёрдамчиси бўлган. Ромелунинг ўзи ҳам туризм ва реклама бўйича дипломга эга, қолаверса, 6 та тилни билади.