Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Евро-2020 саралаш босқичи доирасида бўлиб ўтган Литвага қарши ўйинда (6:0) учта гол уришга муваффақ бўлди.
Учрашувнинг 7-дақиқасида Роналду пенальтидан ҳисобни очган бўлса, 22 ва 65-дақиқаларда ўйиндан гол урди. Криштиану 83-дақиқада захирага олинди.
Бу 34 ёшли футболчи учун фаолиятидаги 55-хет-трик бўлди. Улардан 9тасига у терма жамоада эришган. Эътиборли томони, Криштиану сўнгги хет-тригини 10 сентябрь куни бўлиб ўтган Литвага қарши дастлабки ўйинда (5:1) қайд этган эди.
Кечаги голлардан сўнг Роналдунинг Португалия терма жамоасидаги голлари сони 98тага етди. Терма жамоада голлар сони бўйича фақатгина эронлик Али Дайи (109та гол) португалиялик футболчидан кўпроқ гол урган. Шу тариқа, Роналду жаҳон рекордини такрорлаши учун унга 11та гол қолди.
Терма жамоа таркибидаги ўйинлар сони бўйича Криштиану Европа рекордини такрорлаши учун 13та ўйин, жаҳон рекордигача эса 21та ўйин қолди. Роналду ҳисобида ҳозирча 163та учрашув мавжуд.