"Манчестер Юнайтед" Европа Лигаси 1/16 финал босқичига чиқди, шунинг учун Сульшер тажриба қилишга тайёр: у «Астана» билан ўйин учун таркибга 20 ёшгача бўлган 14 нафар футболчини киритди. Улар орасида 19 ёшли ҳимоячи Макс Тейлор ҳам бор, у шу пайтга қадар энг қийин йўлни босиб ўтган.
Тейлор Манчестерда туғилган ва болалигидан "Юнайтед" мухлиси бўлган, аммо фақатгина 2014 йилда клуб академиясига кирган. Ундан олдин у мактабда муваффақиятли ўқиди – уни дарров пайқашди, ўйинини кўриш учун синовга чақиришди ва дарҳол қабул қилишди.
Тейлор «U23» жамоасидагидебютини 16 ёшида бошлади ва дарҳол "Манчестер Сити"га қарши кичик-дербида қатнашди. Бунга ушбу жамоа асосий таркибидаги бир нечта футболчининг жароҳат олгани сабаб бўлганди. Аслида, у икки йил давомида, асосан, «U18»да ўйнаган: Макс асосий таркибда тўп тепган, ажойиб мавсумларни ўтказган, профессионал шартнома имзолаган – доимий равишда U23 жамоасига ҳам жалб қилинган. "Бу Манчестерда туғилган «Юнайтед» мухлислари учун болаликдаги орзу", дейди у.
Аммо буларнинг барчаси Макс Тейлор билан эмас, балки Макс Данн билан содир бўлганди. Йигит кейинчалик нима учундир фамилиясини ўзгартирди. 2019 йил февралида содир бўлган бу воқеанинг асл сабаби ҳамон номаълум.
Худди шу ойда қайғули воқеа юз берди: Тейлор саратон касаллигига чалингани маълум бўлди. Касалликка бундан олдинроқ ташхис қўйилган – у 2018/19 мавсумда умуман ўйнамаганди, аммо "Манчестер Юнайтед" нохуш янгиликни фақатгина февраль ойида, Макс даволанишга розилик билдирганида эълон қилди.
Макс операция қилинди, кимёвий терапиядан ўтди ва бир йил ўтгач, сентябрь ойида U23 билан машғулотларни бошлади. «Мен жамоадошларим ва дўстларим билан машғулот майдонига қайтиб келганимдан жуда ғурурланаман ва хурсандман. Оилам, жамоадошларим ва, албатта, ҳамширалар ҳамда шифокорларнинг беғараз ёрдамисиз бу кунларга ета олмас эдим.
Мен бутун клубнинг барча ходимларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Кейинги қадам – спорт залида ва майсада тинимсиз ишлашни давом эттириш, шунинг учун майдонга қайтишга умид қиламан», деганди у.
Макс секин-аста ўйинга қайта бошлади. Биринчи марта бор-йўғи бир ой машғулот ўтказди. Жесси Лингард уни қўллаб-қувватлади: «Сиз ва сизнинг табассумингиз яна биз билан эканлиги жуда яхши! Доимгидек хурсандман».
Энди эса Тейлор асосий жамоа билан Европа Лигасидаги учрашувга йўл олади. Аммо, бу катта ютуқ эканлигини жуда яхши тушунади: агар бу ўйин муҳим аҳамият касб этганида, у таркибга кирмаслиги ҳам мумкин эди.
«Шубҳасиз, Уле бизга жамоа билан бирга бориш имкониятини берди. Баъзиларимиз ўйнашига умид қиламан. Ўтган йили шу пайтдаги аҳвол, кимётерапиянинг биринчи ҳафталари... Бир йил ичида биринчи жамоада ўйнайман, деб ўйламагандим. Асосий жамоанинг таркибига қўшилиш ақлга сиғмайди. «МЮ» нинг асосий ўйинчиси бўлиш эса азалий орзуйим», – дейди Тейлор.