Испания чемпионатининг 15-туридан ўрин олган марказий ўйинда Мадриддаги "Ванда Метрополитано" стадионида бўлиб ўтди. "Атлетико" ўз уйида "Барселона"ни қабул қилиб, кичик ҳисобда имкониятни бой берди.
Ўйин хавфли вазиятларга эмас, курашларга бой бўлди. Мезбонлар биринчи бўлимда тажовузкорроқ ҳаракат қилишга ҳаракат қилган бўлсалар, Вальверде шогирдлари тўпни назорат қилишга интилишди. Танаффусга қадар Симеоне шогирдлари голга тортадиган вазиятни кўпроқ яратишди. Айниқса, Марио Эрмосо 7 ва 19-дақиқаларда ўта қулай имкониятлардан фойдалана олмади. Унинг биринчи зарбасидан сўнг тўп устунга тегиб қайтган бўлса, иккинчи вазиятда у Марк-Андре тер Штегенни яккама-якка ҳолатда доғда қолдира олмади.
Баҳснинг 40-дақиқасида "кўк-анорранглилар" посбони яна бир нечта сэйв намойиш қилган бўлса, орадан 2 дақиқа ўтиб Пикенинг зарбасидан сўнг тўп "Атлетико" дарвозаси тўсинига тегиб қайтди.
Иккинчи бўлимда каталонияликлар тўпга эгалик қилиш билан бирга босимни ҳам оширишди. Ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида уларнинг уринишлари ўз самарасини берди. Месси марказ бўйлаб қисқа масофага юриш қилди ва жарима майдони ярим айланаси ичида турган Суаресга узатди. Луис дарҳол Леонинг чап оёқда зарба бериши учун қулай тарзда тўпни қайтарди. "Барса" сардори ўз услубида "биллиардча" зарба билан дарвоза бурчагини ишғол қилди.
Шу тариқа, "Барселона" Мессининг маҳорати эвазига қийин кечган ўйинда ғалабани илиб кетди. Жамоа ўз очколарини 31тага етказиб, яна 1-ўринга қайтди. "Атлетико" эса жадвалда 6-ўринга тушиб кетди.
Испания чемпионати, 14-тур
Атлетико – Барселона 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 86 Месси.
Атлетико – Облак, Триппьер, Эрмосо, Фелипе, Сауль, Эррера (Лоди, 87), Коке, Корреа (Лемар, 73), Томас, Жоау Феликс (Витоло, 66), Мората.
Барселона – тер Стеген, Фирпо, Пике (Умтити, 83), Лангле, Сержи Роберто, де Йонг, Ракитич, Артур (Видаль, 73), Суарес, Гризманн, Месси.
Огоҳлантиришлар: Томас (8), Фирпо (18), Корреа (21), Пике (32), Ракитич (51), Лангле (65), Витоло (69), Фелипе (73).