Топ клубларда шундай футболчилар бўладики, уларнинг жамоа галабасига қўшган хиссаси улкан бўлсада, ҳеч ким буни сезмайди. Бугун эътиборингизга катта ҳажмдаги ишни амалга оширсада, доиммо эътибордан четда қолувчи футболчи ҳақида суҳбатлашамиз.
Раҳим Стерлинг
Айни дамда АПЛнинг энг яҳши футболчиси бўлишига қарамай, Стерлин “олтин тўп” соврини учун курашда кучли 10 таликдан ҳам жой олгани йўқ. Рияд Марез ва Бернардо Силвадан ҳам ортда қолганига нима дейсиз?! Шунга қарамай, Раҳим Пеп машинасининг энг муҳим деталли эканлигини тан олиш лозим.
Ўзининг 19 ёшида “Ливерпуль” жамоасида жавлон урган қаҳрамонимизни Бренден Рожерс ҳужумнинг турли нуқталарида синаб кўради. “Шаҳарликлар” сафига ўтгач эса, Пелегрини уни қанотда ўйнашга мажбур қилди. Мураббий ундан ортиқча ҳаракатларсиз шунчаки тўп узатиб беришини талаб қилди ва Стерлингнинг тезлик, дрибблинг ва бош зона излаб топиш сингари қобилиятлари кўринмай қолди. Бундан ташқари, Раҳим вазиятлардан фойдаланиш борасида жуда оқсар, бу эса, унинг ўйинига жуда салбий таъсир ўтказмай қолмади.
Жамоа тепасига Пеп Гвардиола келгач эса, барчаси тамомила ўзгариб кетди. Испаниялик мураббий қўл остида қандай олмос бор эканлигини чуқур ҳис этди ва унинг учун майдонда қулайликлар яратишга тушиб кетди. Аввалроқ Раҳим кучли футболчи бўлган бўлса, Пеп қўл остида тўлиқ янгиланди. Аввалари қанотдан бир ҳил услубда ёриб ўтадиган Стерлинг ўз ўйин услубини буткул ўзгартирди. Эндиликда унинг арсенали кенгайди ва у майдонда янада эркинроқ ҳаракат қилишни бошлади. Аслида Гвардиоланинг ўйин фалсафасининг натижаси қанот ҳужумчиларининг қай даражада яҳши ўйин кўрсатишига боғлиқ. Вингерлар қанот бўйлаб рақибларни чалғитиши ва бўш зоналарни пайдо қилиш лозим. Айнан шу сабабли Пеп икки оёқда ҳам бирдек ўйнай оладиган футболчиларни хуш кўради. Бундай ўйинчилар керакли паллада ҳужумни қанотдан марказга кўчирса, баъзан марказдан қанотга “қочиб” ортдан келаётган футболчилар учун бош зона яратиб бериши мумкин.
Стерлинг бу борада Пепнинг барча талабларига жавоб бермоқда. Бундан ташқари, унинг тезкорлиги сабабли Уокер ва Де Брёне учун майдонда каттагина бўшлиқ пайдо бўлмоқда. “Сити”нинг ҳужумларини бошлаб берувчи белгиялик футболчининг қай даражада яҳши тўп суриши қайсидир маънода Стерлинг билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзгарган услуб
“Ливерпуль” жамоасидаги ўйинлари қанчалар ёрқин бўлмасин, Стерлинг якама-яка вазиятларда жуда нўноқ ва ўқувсиз эди. 100 фоизлик имкониятлардан ҳам фойдалана олмагани боис кўпинча кулгуга қолар, ҳеч ким уни жиддий қабул қилмас эди.
Гвардиола барчасини тўлиқ ўрганиб чиқди ва Стерлинг учун янги даврни очди. Ҳозирда бу муаммо деярли бартараф этилган. Эндиликда, “Манчестер Сити” ҳужум қилаётганида Стерлинг қанотдан марказга кўчади ва узатмага шунчаки оёқларини қўяди. Соддароқ қилиб айтганда Стерлинг узундан-узоқ пасларнинг якунловчи вазифасини бажармоқда. Унинг Гвардиола қўл остида киритган голларнинг 71 фоизи айнан сўнгги тўпга тегиниш ортидан дарвозадан жой олгани сўзимизга исбот бўла олади. Пелегринидан фарқли ўлароқ, Пеп Стерлинг учун бир неча хил қарор қабул қилиши учун имконият яратиб берди. Ҳозирда Стерлинг қанотдан ёриб кириб узатмани амалга ошириши, тўпни марказга кўчириб зарба бериши, керакли паллада Агуеро билан ўрин алмашиб алдамчи тўққизлик вазифасини бажариши мумкин. Ҳужумдаги ранг-баранглик сабабли, ҳимоячилар Стерлингни ёпишни уддалай олмаяпти ва бу голлар сонидаги ўсишда ҳам яққол намоён.
Бундан бир неча йил аввал Пеп Лионель Мессини қанотдан марказга кўчириш орқали уни янги даражага кўтаргани ҳеч кимнинг ёидан кўтарилмаган бўлса керак. Айни дамда, ҳам бундай рокировка Раҳим Стерлинг билан амалга ошмоқда. Тўғри, Стерлинг Месси даражасига кўтарилмаслиги аниқ, бироқ ундаги ўсишни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Айни дамда барча Бернардо Силванинг жозибали ўйини ҳақида фикр билдиришни авзал кўрмоқда. Тўғри, португалиялик футболчи “Манчестер Сити” таркибида чиройли ўйин намойиш этмоқда. Шундай бўлсада, ҳозирги кунда “Сити” учун энг катта наф келтираётган футболчи Раҳим Стерлинг бўлиб турибди. Пеп Гвардиола яна бир неча мавсум Манчестер шаҳрида ушланиб қолса, Стерлинг келажакда “олтин тўп” учун кураш олиб боришга қодир футболчига айланишига ишончимиз комил.