Бугун пойтахтимиздаги муҳташам “Наврўз” тантаналар саройи спорт оламининг йил сарҳисобига бағишланган “Миллий спорт мукофоти-2019” тақдирлаш маросимига мезбонлик қилди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда йил давомида ўзбек спорти ривожи йўлида улкан ҳисса қўшган, унинг довруғини дунёга янада танитган фидойиларимиз тақдирландилар. Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева сўзга чиқди.
“Ортда қолган йил ўзбек спорти учун унутилмас воқеликларга бой бўлди. Вакилларимиз айни пайтгача Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига 32 та йўлланма олишди. Бу борада Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги муҳтарам Президентимиз берган топшириқлар асосида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Умид қиламизки, янги Олимпия йили спортчиларимиз учун янада омадли ва зафарли ғалабаларга бой бўлади”, – деди Танзила Нарбаева.
Тадбир аввалида спортчиларимиз турли рақслар билан кечанинг бадиий қисмини очиб беришди. Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисмига навбат берилди. Унда “Миллий спорт мукофоти-2019” тақдирлаш маросимининг 19 йўналиши ва 1 махсус соврини бўйича ўз ғолиб ва совриндорларини аниқлаб олди. Жумладан, "Ростов" ҳужумчиси “Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун” соврини билан тақдирланди.
Қуйида ҳар бир номинация ғолиблари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
“Йилнинг энг яхши терма жамоаси”: Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси.
“Йилнинг энг яхши федерацияси”: Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси.
“Спорт тадбирларини ташкил этиш бўйича энг яхши ташкилотчи”: Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси.
“Жойларда (ҳудудларда) спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун”: Қорақалпоғистон Республикаси.
“Спорт соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун”: “Қизилқум-цемент” АЖ.
“Йил кашфиёти”: Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси.
“Йилнинг энг яхши спорт лойиҳаси”: “Ҳумо-Арена” кўптармоқли муз саройи.
“Энг фаол спорт тарғиботчиси”: Хилола Исакова, “MY5” телеканали мухбири.
“Йилнинг энг яхши спорт журналисти”: Зоҳид Каримов, “Спорт” ТВ.
“Йилнинг энг яхши ижтимоий ролиги учун”: Шуҳрат Абдуманов.
“Йилнинг энг яхши спорт шифокори”: Суннатилла Юлчиев – Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази профессори, травматолог.
“Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун”: Элдор Шомуродов.
“Йилнинг энг яхши паралимпиячиси”: Тимур Гиязов.
“Йилнинг энг яхши мураббийи”: Равшан Рўзиқулов – юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.
“Йилнинг энг яхши ёш ва истиқболли спортчиси”: Зайнаб Дайибекова – қиличбозлик (сабля) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.
“Йилнинг энг яхши ҳаками”: Тоҳир Гулямов – спорт курашлари бўйича халқаро тоифадаги ҳакам.
“Йилнинг энг яхши аёл спортчиси”: Дилноза Раҳматова.
“Йилнинг энг яхши эркак спортчиси”: Баҳодир Жалолов.
“Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун”: Оксана Чусовитина.
Шунингдек, Танзила Нарбаева юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш йўлида қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг махсус соврини билан тақдирланди.
Барча совринлар ўз эгаларига топширилгач “Ялла” гуруҳи, Улуғбек Раҳматуллаев, Райҳон, Озодбек Назарбеков каби халқимиз суйган қўшиқчилар ўз ижодларидан энг сара қўшиқларни байрам кечасининг иштирокчиларига тақдим қилишди. Шу тариқа барча спорт фидойиларини бирлаштирган кеча байрамона кайфиятда якунланди.