Хатолар ҳар хил бўлади. Кўп хатоларни руҳиятга боғлаб ўрганиб қолганмиз.
Дейлик, Де Хеанинг ўтган турда ўтказиб юборган голи, Гассаниганинг кунфу-стайл ҳаракатлари, Сон Хён Миннинг Рюдигерни тепиб юбориши. Буларни боғлаб турадиган ҳолат – жамоа ишлари юришмаётгани.
"МЮ" ўша куни вазиятларини кўкка совурмаганида ва ҳисобни очганида, аниқки, Давид ўлақолса ҳам унақа хато қилмасди.
Гассанига ҳам ютқазиб турган жамоасининг халоскори бўлиш ўрнига тушунарсиз ишга қўл урди, "Тоттенҳэм" мураббийи Моуриньо шу куни Лэмпардга муносиб қаршилик кўрсата олсин эди, аргентиналик посбон бошқа спорт турига мурожаат қилиб юрмасди. Корейс Соннинг ҳаракати энди янада тушунарли.
Эдерсоннинг кечаги хатоси у туркумдаги хатолардан эмас. Дарвозабон ўйин аввалида хавфни бартараф этиш учун онгли равишда отилиб чиқди ва... инсоний хато қилди. Руҳий ҳолат билан боғлашимиз нотўғри. Бироқ, шунда ҳам “Ман. Сити”нинг ҳозирги ҳолати, турнир жадвалидаги вазияти, қутурган “Ливерпул”нинг тўхташ нималигини билмаётгани бутун бошли жамоага таъсир этгани сезилди.
Дастлабки дақиқаларданоқ гол ўтказиб юбориш жамоа имиджига айланиб қолди (кечаги ўйинда биринчи бўлиб гол уриши фойдасиз эди). “Ливерпуль”га бой берилган оқшом, Манчестер дербисидаги илк гол, “Лестер”дан ўтказиб юборилган гол, “Вулверхемптон”нинг ўзидан икки гол қабул қилгани... чемпион бўлмоқчи жамоа учун жуда кўплик қилмаяптими?!
Мана шулар жамоа руҳиятига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Агар клуб руҳияти жойида бўлганида биринчи голни ўзи уриб олгунига қадар рақибга имконият бермасди. “Ливерпуль” ўйинида шу жиҳатни кўряпмиз. “Ман. Сити”да эса...
Кўпчилик Пеп Гвардиола Англия чемпионлигини қанчалик тез “Ливерпуль”га топширса, шунча тез ЕЧЛ ҳақида ўйлайди, дейишяпти. Бўлмаган гап. Қайтанга бу ёмонроқ зарба бўлиши мумкин. Руҳий томондан қараганимизда, баҳорда “Реал”нинг имконияти яна ошиб кетади. Шу боис, Гвардиола икки фронтни бирдек ўйламоғи даркор. Акс ҳолда, баланс йўқолади ва бир қўлидаги юк оғирлик қилиб тушиб кетиши мумкин. Иккисини кўтариб, мувозанатни ушлабгина манзилга эсон-омон етиб бориши мумкин. Бошқа йўл йўқ.
Аслида юқоридаги фикрлар Ситига заррача ҳам таъсир этмаса керак. Чунки унинг навбатдаги ўйинига бир кун қолмоқда. Фильмларда айтилганидек, 24 соати ўтиб бўлди, иккинчи 24 соатда бомбани зарарсизлантиришга улгурсанг улгурдинг...