Илк ўйин ҳақида "Спорт" телеканалида ўзиям роса гапирдик. Билдирилмаган фикрлар қолмади, ҳисоб. Албатта, ожизона фикрларимиз, журналистона фикрларимиз, мухлисона фикрларимиз. Мутахассислар биздан яхшироқ билишади, футболни теранроқ тушунишади. Любинко Друлович ва Равшан Ҳайдаров айниқса! Ишонгимиз келади шунга.
Хатолар ва камчиликларни илк ўйин ҳаяжонига йўйдик. Бироқ рақиблар биз ўйлаганчалик (ёки ўйламаганчалик) кучсиз эмас экан. Бу Эрон Тошкентда икки ўйинда енгилиб кетган Эрон эмас. Бу Хитой бизнинг йигитлардан кучсиз кўринмади. Жанубий Корея ҳақида таърифнинг ўзи ортиқча. Демак, росмана ўлим гуруҳига тушганмиз. Омон чиқиш учун фақатгина яхши ўйнашнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўлим гуруҳида ўлмаслик учун майдонда "ўлиш" керак!
Якшанба куни ҳал қилувчи ўйин, наздимда. Ё уёқлик, ё буёқлик бўламиз. Турнирдан олдин энг муҳим ўйин биринчи ўйин ёки учинчи ўйин деганлар ҳам фикримга қўшилсалар керак. Энди айнан Хитой билан ўйиндаги натижа тақдиримизга энг кўп таъсир қиладигани, учинчи турдаги корейсларга қарши қандай ўйин кўрсатишимиз ва нима қилишимиз кераклигини билиб олишимизни аниқлаб берадиган ўйин бўлади.
Ҳозирча эса 1 очкомиз бор. Ёмон ҳам эмас, яхши ҳам эмас. Осон бўлишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Олимпиада йўлланмасига осонликча эришилмайди. Яқинлар ва мухлисларнинг дуоларидан ташқари кучли характер, чиройли ўйин ва озгина омад ҳам керак. Керак... керак... керак!!!
Биз Сизларга ишонамиз, йигитлар! Бизда бошқа жамоа йўқ. Сиз Таиланддаги бизнинг Ватанимизсиз! Ҳа, Ватан вакиллари эмас, айнан Ватанимизсиз! Шуни тушунсангиз, ҳаммаси яхши бўлади.
Олға Ўзбекистон!
Бобур Акмалов