Яна саккиз турдан сўнг, аниқроғи 4 апрель куни "Этиҳад" ўйингоҳида "Манчестер Сити" "Ливерпуль"ни қабул қилади. Агар саккиз турлик ўйинларни икки жамоа бир хил натижа билан олиб боришса, 32-тур доирасидан ўрин олган баҳс Клопп жамоасининг чемпионлигини ҳал қилиши мумкин. Олтита ўйинда максимум 18 очко жамғариш мумкин, жамоалар ўртасидаги фарқ эса, 19 очко бўлади, тушундингиз, а?!
Энди мана бунақа гап. Икки йил олдин Пеп Гвардиола ҳам шу стадионда чемпионликни нишонламоқчи бўлганди. Маур ва Погба розилик бермаган. Бу сафар шу тақдир "МанСити" йигитларининг бошига тушиши мумкин.
Янада қизиқ томони, "Ливерпуль" айни пайтда Англия чемпионатида мағлубиятсиз сериясини 41 ўйинга етказган. "Арсенал"нинг рекордини янгилаш учун роппа-роса саккиз ўйинда ютқазмаслиги керак. "Этиҳад"даги баҳсгача ливерпулликлар мағлубиятга учрашмаса, аниқки, ўша куни бир очко учун ҳам ўйнайверишади — бу уларни ҳам чемпионга айлантиради, ҳам рекордни янгилашга ёрдам беради.
"Ливерпуль" ўттиз йил деганда орзиқиб кутилган чемпионлигига мана шунча қўшалоқ ютуқлар билан бориши мумкин. Мабодо Гвардиола ғалабага эришса, Клоппга аталган тортнинг гуллик қисмини тишлаб олган бўлади гўё.
Хуллас, 32-тургача "Ливерпуль" ҳамда "Сити" жамоасига қарши майдонга тушадиган клублардан илтимос, шундоқ ажойиб хотимадан бизларни маҳрум қилмасдан, уч очкодан улашаверинглар!) Зотан бунақа кўп интригалар аралаш мавсум яна ўттиз йилда келадими, йўқми, билмаймиз...
Хайрулла ҲАМИДОВ.