"Вест Ҳэм"ни 18-ўринда кўриш бироз ноодатий ҳолат. Бу - клуб раҳбарияти мақсад ва режаларида умуман бўлмагани аниқ. Лондонликлар Англия чемпиони унвонига эга Мануэль Пеллегринига бу мавсум аввалида ҳам имкон беришди. Ёзда таркиб бир мунча кучайди. Аммо, старт кўнгилдагидек бўлмади. Дарвозабон Фабиянскининг жароҳати кўп нарсани ўзгартириб юборди. Ҳар ҳолда бу Пеллегрини айтган гап. Мураббий ўз истеъфосига ва клубнинг омадсизлигига иккинчи голкипер Робертонинг сурункали хатолари сабаб бўлгани таъкидлади.
Нима бўлганда ҳам Мануэль энди йўқ. Унинг ўрнига келган мутахассис ҳам Англия футболидаги охирги шахс эмас, ҳар ҳолда. Дэвид Мойес! "Эвертон"даги ижобий МЮдаги салбий хотиралар билан ёдга олинадиган мураббий. Мана унда имконият - "Вест Ҳэм" сингари клуб билан яна имиджини яхшилаб олиши мумкин. Бироқ, унинг ҳам ишлари ёмон бошланди. Ҳозир клуб сўнгги 5 ўйинда 3 мағлубият, 2 дуранг қайт этган. 6-ўйинда бирор нарса ўзгармаса керак! Чунки рақиб - "Манчестер Сити"!
Гвардиола жамоаси якунланаётган ҳафтада асосан Месси билан боғлиқ хабарлар эпицентрида бўлди. Мураббийнинг ўзи ҳам қаторасига икки мавсум чемпионликдан сўнг араб шайхлари энди ундан ЧЛ бош соврини кутаётганини билади. Шунингдек у, ўзи клубда яратган машинага суперматор кераклигини ҳам, бу Месси бўлиши лозимлигини ҳам яхши билади.
Лекин, гап ҳозир бу ҳақида эмас. Шаҳарликлар олдидаги бирламчи мақсад "Ливерпуль" жамоасининг чемпионлигини иложи борича ортга суриш. Афсуски, ҳолат бор-йўғи шундай. Фарқ катта. "Вест Ҳэм"га қарши ўйин муаммо бўлмаслиги лозим. Стерлингнинг сафдан чиққани ва Зинченконинг дисквалификацияси натижага катта таъсир қилмаса керак. Яна ким билади, дейсиз! Буёғини бирга кўрамиз!
Соат 21:30, УзРепорт ТВ:
"Манчестер Сити" - "Вес Ҳэм"
Ориф Толипов.