Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Отабек Шукуров: «ИншаАллоҳ, ёзда Европага кетиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан»

Баҳо:
+ | -

Қозоғистоннинг Sports.kz интернет портали журналисти БААда тўп сураётган ҳамюртимиз Отабек Шукуров билан интервью уюштирди.

Яқиндагина БААда тўп сурган биринчи қозоқ футболчисига айланган Бауржан Исламхан “Ал-Айн” сафида ўзининг илк учрашувини ўтказди. Қизиғи шундаки, унинг жамоасига рақиблик қилган “Шаржа” клуби сафида 23 ёшли ўзбек футболчиси – Отабек Шукуров тўп сурди. Биз трансфер қиймати 2 миллион еврога тенг бўлган 23 ёшли ўзбек футболчиси билан суҳбат уюштирдик.

— Отабек, сиз икки йилдан бери БААда тўп суриб келяпсиз. Ушбу юрт ва маҳаллий футбол ҳақида қандай фикрдасиз?

— Дарҳақиқат, бу ерга келганимга икки йилдан ошди. Бу ерда ички биринчилик яхши йўлга қўйилган. Маҳаллий жамоаларда легионерларнинг тутган ўрни салмоқли. Ҳар бир жамоада юқори савиядаги 4 та хорижлик футболчи ҳаракат қилади. Қувонарлиси шундаки, бу ерда ҳар мавсум бир йўла 8 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб боради. Интрига катта бўлгани боис, ўйинлар ҳам қизиқарли ўтади.

— Ўзбек футболи билан БААдаги футбол ўртасида фарқ каттами?

— Юқорида айтганимдек, бу ерда асосан легионерлар ўйинни белгилаб беради. Бизда асосан маҳаллий футболчилар тўп суришади. Айнан шу жабҳада фарқ кескин катта.

— Янги юртдаги шароитларга кўникиш қийин бўлдими?

— Бу ерда яшаш яхши. Барча мусулмон ва атрофда масжидлар кўп. Мен бу ерда оилам билан истиқомат қиламан. Ҳаммаси жойида.

— Бауржан Исламхан деган футболчини танийсизми?

— Ҳа албатта, у “Ал-Айн” сафига ўтди. Айтишича, 6 ойга мўлжалланган шартнома тузибди. Биз у билан майдонда ҳам тўқнаш келишга улгурдик. У иккинчи бўлимда майдонга тушди ва яхши ўйин ўтказди. Яхши футболчи. Ёзда Россия ёки Европага кетмоқчи. Қўшниларимизнинг энг яхши футболчиси деб хисоблайман. У БАА чемпионатидан ҳам савиялироқ биринчиликларда тўп суришга қодир. Унга жароҳат олмаслигини ва улкан ғалабаларни тилан қоламан.

— Айни дамда “Ал-Айн” ва “Шаржа” принципиал рақиблар саналади. Майдонда қозоғистонлик футболчига қарши душман билан жанг қилгандек ўйнадингизми?

— Ҳа, айтганингиздек, “Ал-Айн” биз учун ўзгача рақиб. Бу мавсумда биз улар билан чемпионлик пойгасида иштирок этяпмиз. Бу мавсумдаги илк учрашувда биз 3:2 натижасида ғалаба қозонган эди. Иккинчи ойинда 1:1 ўйнадик. Улар яхши жамоа, бироқ биз бу тўқнашувларда 4 очко ишлаб олдик. Исламхан борасида фикрларим ижобий. У тезда кўникиб кетса, БААда ўйнаб кетишига ишонаман.

— Сизнингизча, “Ал-Айн” қанчалар кучли жамоа?

— Мен Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси сафида ҳам бу клубга қарши тўп сурганман. Яхши ва муолиявий қудратга эга клуб. Айни дамда уларнинг ишлари чакки эмас, бироқ бир неча йил илгари бу клуб умуман юқори даражада эди. Ўтган йили уларнинг иши бироз юришмади, бироқ бу мавсум ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда.

— Авваллари бу ерда ўзбек футболчилар жуда кўп эди. Энди фақат сиз ўзингиз. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Бунисини билмадим. Менимча лимит билан ҳам боғлиқ. Авваллари бу ерда 3+1 кўринишидаги легионерларни жалб этишар эди. Бундан 2 йил аввал легионерларнинг лимити 4+ кўринишида ўзгартирилди. Шу сабабли, клублар бор кучи билан Европадан футболчи харид қилишга тушиб кетишди. Бу ерда легионерларнинг ўйини чиқмаса, бир зумда бошқасини олиб келишади. Насиб қилса, бу ерда ўзбек футболчилар кўпаяди. Ҳозирча мен бир ўзимман.

— Нима деб ўйлайсиз, БАА чемпионатида юқори темпда ўйнаётганингиз карьерангиз учун фойдалими ёки Европа кетиш тўғри фикр деб ўйласизми?

— Ўзим Европада тўп суришни истайман. Шу сабабли ҳар куни машғулотларда тер тўкиб ишлайман. Ишонинг, Европага кетиш менинг биринчи мақсадим эди, бироқ “China Cup” мусобақасидаги жароҳатим сабабли 5 ой катта футболдан четда қолдим. Секин-асталик билан майдонга қайтган бўлсамда, оғриқ 2-3 ой давомида мени тарк этмади. Фақат шу сабаблигини ўтган йили Европага кета олмадим. ИншаАллоҳ, ёзда Европага кетиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Ўзимнинг ҳам ниятим Европага кетиш. У ерда футбол қандай даражада эканлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз.

Манба: sport.kz
Киритилди: 15:03, 13.02.2020.
Ўқилди: 6031 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.