“Манчестер Сити”нинг икки йилга еврокубоклардан четлатилиши ва давомидан АПЛда ҳам очколар олиб ташланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар чиққач, Туманли Альбионнинг бир йўла бешта жамоаси қимирлаб қолди.
“Шаҳарликлар”нинг бўш жойи учун кураш бошланиб кетди.
Бу борада биринчи муваффақиятсизлик “Вулверхемптон” клубидан бўлдики, “бўрилар” уйида “тулкилар” устидан ғалаба қозона олмай, бешинчи ўринга бошқа клубларни қўйиб юборди.
“Уҳу” деб пистирмадан чиқиб келган ёвдек “Тоттенҳэм” бу ўринни забт этиб турибди ҳозирда. Сон “тақачилар” очкосига уч сонини қўшиб қўйди ва “Шеффилд”ни олтинчи ўринга тушириб юборди.
“Эвертон”га вақт бор ҳозирча бу ҳудудга, лекин кейинги турдан Анчелотти ҳам аралаша бошлайди, кўрасиз. Хўп, яна ким бор даъвогарлардан?
Албатта, “Манчестер Юнайтед”! Ҳа, Сульшер шогирдлари айни пайтда 9-ўринда, бироқ биргина ғалаба билан “Шеффилд”нинг ёнига бориб жойлашадилар ва Маур жамоасидан бир ўрин ва бир очко ортда бўлиб қолади. Қалай?!
Гап энди “Челси”да қолган. Лондонликлар уйларида яхши ўйнай олишмаётгани, мавсум давомида икки марта "МЮ"га имкониятни бой беришгани Лэмпардга таъсир қилгани аниқ, бу факт билан “қизил иблислар”га осон бўлмайди, дея оламизми, келинг, статистикадан излайлик жавобларни:
Жамоалар ўртасини олти очко ажратиб турибди, бу катта фарқ эмас.
Лондон суперклуби сўнгги етти ўйиннинг олтитасида гол ўтказган, уйида кўпроқ – ёмон томони...
Кепа ва Кабальеро ўртасидаги танлов, ҳимоядаги муаммолар “Челси”нинг бош оғриғи. Лекин Манчестер клубининг ҳам меҳмон ўйинларда ёмон статистикаси борки, клуб 2020 йили рақиб уйида бирорта гол урмади ҳали. Сўнгги беш баҳсда биргина гол урганини ҳисобга олсак, ўзи бугун нима қилмоқчи?!
Душанба куни одатда ўйинлар бўлмайди. Лекин бу супербаҳс ЕЧЛ плей-офф ўйинларидан олдинги ажойиб тортиқ. Шунинг учун бугунги тунингизни ҳам Футбол ТВ каналида эфирга узатиладиган ўйинга бағишланг! Ҳозирданоқ ишонтириб айтаманки, АРЗИЙДИ...
01:00дан бошлаб биргамиз.
Хайрулла Ҳамидов.