Бугун Чемпионлар лигаси нимчорак финал доирасида дастлабки ўйинлар старт олади. Тунги соат 01:00 да ана шу вақтгача ухламасдан кўришга арзийдиган иккита ўйин кутяпти бизни.
“Атлетико” – “Ливерпуль”: тескари вазиятлар
“Атлетико” учун бу мавсум ҳақиқий синов бўлди. Аввал Гризманн, кейин эса маълум муддатга Диего Костадан айрилган жамоанинг ўйини у қадар яхши эмас. Фалон пулга сотиб олинган Жоао Фелиш эса ҳамон йўлини топа олмаяпти. У жорий мавсумда 4 тагина гол урди, энди асосий ҳужумчиларидан бири 4 та гол урган клубнинг умумий ҳолатини тасаввур қилаверинг.
“Атлетико”нинг олдида Ла Лиганинг ўзида иккита мақсад бор: биринчиси чемпионлик, иккинчиси кучли учликка кириш. Илгари Симеоне шогирдлари бор эътиборларини чемпионликка қаратган бўлсалар, ушбу мавсумда “Атлетико”нинг кучли учликка кириши ҳам муаммодек туйилмоқда. Чунки жамоанинг ўйини ҳақида юқорида айтдик, рақиб жамоалар эса етарлича қаршилик кўрсатяпти.
Бу шуни англатадики, айни дамда “Атлетико” бу ёқда мингта иши туриб, яна бир мажбурий ишини бажаришга кетаётган киши ҳолида ҳозир. Бу эса жамоага халал бериши тайин.
“Ливерпул”да вазият бошқача. Жамоа АПЛда чемпионлик масаласини ўзи кутганидан анча олдин ҳал қилди деярли. “Манчестер Сити” билан орадаги фарқ анчагина. Бунчалик фарқ юзага келганида дунёнинг исталган кучли клуби ҳам “Ливерпул”ни, ҳозирги “Ливерпул”ни ортда қолдира олмайди. Биз назарий жиҳатдангина “Ливерпул”ни чемпион дейишга шошилмаяпмиз, амалий томонлама эса ҳаммаси ҳал.
Юрген Клопп ЕЧЛда яхшигина имкониятларга эга. Ҳатто германиялик мутахассис бор кучини “Атлетико”ни мағлуб этишга сарфласа ҳам бўлади. Айни дамда Клопп АПЛда бир-иккита ўйинни қурбон қилса ҳам мухлислар ранжишмайди агар бу ЕЧЛда фойда келтирса (тўғри, бу “Арсенал”нинг ўша афсонавий рекордини такрорлаш орзусини йўққа чиқаради, аммо айни дамда бу Клоппнинг мақсадлари рўйхатида юқори ўринларда турмагани аниқ). Демакки, бугунги ўйин олдидан “Ливерпул”да босим йўқ. Жамоа АПЛда зўр кетяпти, ўзига кераксиз деб ҳисоблаган Кубок мусобақасидан чиқиб кетган, бор эътибор ЕЧЛга қаратилган. Демакки, бугун “Ливерпуль” енгилроқ, хотиржамроқ ўйнайди. Қолаверса, “Ванда Метрополитано” “қизиллар”га бегона эмас, “Ливерпуль” айни шу стадионда 6-ЕЧЛ совринини қўлга киритгани ёдингизда.
“Боруссия Дортмунд” – “ПСЖ”: бу ерда ҳам шунга ўхшаш ҳолат
“Боруссия”нинг бугунги ҳолати ўтган вақтлардагига нисбатан яхшироқ. Жамоа гол уришни эплайдиган ҳужумчига ёлчигандек кўринмоқда. Холанд жамоага жуда тез мослашиб кетди.
“Боруссия” таркиб жиҳатдан ҳам аввалги вақтлардагидан яхшироқ. Аммо жамоанинг ҳолати “Атлетико”ники билан бир хил. Айни дамда “Боруссия” эҳтимол, чемпионлик, эҳтимол, кучли учликка кириш учун курашмоқда. Жамоа учинчи ўринда ва очколар фарқи унчалик катта эмас.
Демакки, мезбонлар ЕЧЛда мияларидаги “Бундеслига” деган ўйлов билан ҳаракат қилишади. Табиий, босим ортади, хавотир кўпаяди. Бундай ҳолатларда ҳамма нарса бош мураббийга боғлиқ бўлади.
Ўхшашликни қаранг. Бугунги ўйинлар олдидан меҳмон жамоаларнинг ҳолати деярли бир хил. Яъни “ПСЖ” ҳам Франция чемпионлигига жуда яқин турибди. Жамоа бу борада хавфли, хатарли вазиятда эмас. Иккинчи ўриндаги “Марсель” билан фарқ 10 очко ва бу “ПСЖ”га бор эътиборни “Боруссия”га қарши ўйинларга қаратиш имконини беради.
Таркиб жиҳатидан шубҳасиз, парижликлар рақибдан устун. Биргина ҳужум чизиғини олайлик: Мбаппе, Неймар, Икарди... Бонусга Кавани. Айрим жамоалар шу ҳужумчилардан ҳеч бўлмаганда биттасини орзу қилишади, “ПСЖ”да эса учаласи ҳам бор. Кўрамиз, бу фантастик учлик бу сафар фойда берармикин?
Хулоса ўрнида нима деймиз? Бугунги ўйинларни, албатта, кўринг. Балки, босим ва масъулият фойда бериб, мезбонлар ғолиб бўлишар-а...
Низомжон ИСЛОМОВ