Футбол шарҳлаш осон эмас. Нима учун бундай деётганим сабабини бир ўйин мисолида тушунтираман.
Ўтган мавсум аввалида "Пахтакор" - "Навбаҳор" ўйинини шарҳлаган эдим. Ўйинда 2-1 ҳисобида "Пахтакор" олдинда бораётган пайтида "Навбаҳор" гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Эмоция билан, бор овозим билан бақириб, голга реакция билдирдим. Ўйиндан сўнг "Навбаҳор" мухлисларидан раҳматлар, "Пахтакор" мухлисларидан тушунмаганнамо реакция олдим. Кимлардир мени "Навбаҳор"га мухлислик қилганликда айблади ҳатто. Ундай эмас.
Ўша реакциям ўйиндаги интрига учун, чемпионатдаги интрига учун эди. "Пахтакор" ҳаммадан кучли таркибга эга эканини ҳаммамиз биламиз. Ўзидан кучсизроқ жамоани қабул қилиб, дуранг натижа қайд этиши, чемпионат бошида интрига учун яхшигина аргумент эди. Ҳа, чемпионат охирига бориб ҳаммаси йўққа чиқди, бироқ ўша илк турлар учун интрига муҳим эди ва бу интрига "Пахтакор" учун ҳам, "Навбаҳор" учун ҳам, чемпионат ва мухлислар учун ҳам зарур эди. Кимгадир мухлислик учун эмас, ўша ўйиннинг охирги дақиқалари росмана жанг бўлиши учун, чемпионат қизиқарли ўтиши учун кўрсатилган эмоция эди ўша ҳайқириғим.
Чемпионат ўйинларида кимгадир ён босиб шарҳланмайди. Ҳатто шарҳловчининг севимли жамоаси ўйнаётган бўлса ҳам. Баъзи мухлисларга бошқачароқ туюлиши эса ўша мухлисларнинг муаммоси.
Яқинда "Навбаҳор"чилар бир сўровнома ўтказишибди ва унда Суперлига илк туридаги "Пахтакор" - "Навбаҳор" ўйини шарҳловчисини танлашган. Унда камина яққол етакчиман. Ва аргумент сифатида ўтган йилги шарҳимни келтиришган. Ташаккур, албатта. Бироқ шарҳловчини жамоасига ён босган деб қабул қилишгани учун эмас, бутун ўйинни профессионал тарзда шарҳлаб боргани учун танланса, яъни танлов шу призма орқали амалга оширилса, нур устига нур бўлар эди.
Яна шу жамоалар ўртасидаги ўйинни шарҳлаш менга ишониб топширилса, яна эмоционал ва тўғри шарҳлашга ҳаракат қиламан. Ўйинда "Пахтакор" ҳам, "Навбаҳор" ҳам мен учун тенг эканини айтиб ўтмоқчиман (халқаро майдонларда ўзимизникиларга мухлислик қилиб шарҳлаш мутлақо бошқа масала ва бу тўғри!). Фақат бир саволим бор: "Пахтакор" гол урса ва интрига учун қаттиқроқ бақириб юборсам менга бўлган муносабатингиз бирданига ўзгариб қолмайдими, ҳурматли "Навбаҳор" мухлислари? Худди ўтган йилги ўйиндан кейин айрим "Пахтакор"чиларнинг менга билдирган фикрлари каби фикрлар эшитмайманми?
Мухлис халқи ўзи шунақа бўлади — жамоасини алқасангиз яхшисиз, акси бўлса, ёмонсиз. Умид қиламан, адекват мухлислар кўпчиликни ташкил қилади. Мендан лозими эса майдондаги ҳолатга реал баҳо бериш — ёмон ўйнаса ёмон ўйнади, дейман, яхши ўйнаса, яхши. Шунда тўғри қабул қилсангиз кифоя!
Барчангизнинг жамоаларингизга омад тилайман. Суперлига бу йил ҳар қачонгидан қизиқарли ўтишига тилакдошман. СпортТВда учрашгунча!
Бобур Акмалов.