Москванинг "Спартак" клуби собиқ мураббийи Дмитрий Аленичевнинг фикрича, "Крылья Советов" клубидан “Спартак”ка ижарага келган Александр Соболевнинг трансфери хато экан.
"Тўғрисини айтганда, ҳайрон қолдим. "Спартак"дек клубда ўйнаш учун унга ҳали эрта эди. Мен Александрни жуда яхши биламан, у сибирлик очиқ бола, лекин, у бошқа клубда ўсишга эришиши керак эди. "Крылья Советов"да муҳим футболчи бўлган. Менинг фикримча, у ўз жамоасида мавсум якунигача қолиши керак эди. У ўз жамоасига ёрдам бериш билан бир қаторда, кузда кўрсатган натижалари тасодиф эмаслигини исботлаши керак эди. "Спартак"нинг асосий таркиб футболчиси бўлиши факт эмас. Қолаверса, у асосий таркибда майдонга тушса ҳам, гол киритиши учун ҳеч ким кафолат бера олмайди. У ердаги босим ўзгача", - деди Аленичев.
Эслатиб ўтамиз, "Спартак" Соболевни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган ҳолда, мавсум охиригача ижарага олди.
22 ёшли ҳужумчи 19 та учрашувда 10 та гол киритиш билан бир қаторда, 3 та голли пасни амалга оширди.