«Барселона» клуби Испания чемпионатининг 25-туридан ўрин олган «Эйбар»га қарши ўйинда йирик ҳисобда (5:0) ғалаба қозонди. Каталонияликлар сардори Лионель Месси бугунги ўйинда 4та гол уришга муваффақ бўлди.
Аргентиналик футболчи учун бу Испания Ла лигаси доирасидаги бешинчи "покер" бўлди. Аввалроқ у 2017/18, 2012/13 ва 2011/12 (икки марта) мавсумларда "покер"ни расмийлаштирган эди.
Журналист Педро Мартин тарқатган хабарга кўра, Месси «Барселона» футболчилари орасида битта ўйинда 4та гол уриш бўйича биринчи ўринга кўтарилиб олди. Каталонияликларнинг собиқ ҳужумчиси Сесар Родригес фаолияти давомида 4 марта "покер"га эришган.
Испания чемпионатлари тарихида "покер"лар бўйича «Реал» клуби собиқ ҳужумчиси Криштиану Роналду (7) ва «Атлетик» форварди Тельмо Сарра (8) Мессини ортда қолдиришмоқда.
Лионель Мессининг фаолиятидаги "хет-трик"лар сони эса 54тага етди. Уларнинг 36тасига ҳужумчи Испания чемпионатида эришган. Ла лигадаги "хет-трик"лар бўйича иккинчи кўрсаткич Криштиану Роналдуга тегишли (34та).