Амман (Иордания) шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича лицензион мусобақанинг кундузги дастур беллашувлари давом этади. Бироз аввал Элнур Абдураимов (-63 кг) австралиялик рақибига қарши чорак финал жангини ўтказди.
Харрисон Гарсейдга қарши баҳс олиб борган Абдураимов муҳим ва ишончли ғалабани қўлга киритди. Ушбу муваффақият боксчимзга турнир ярим финали қатори Токио Олимпиадаси йўлланмасини ҳам тақдим қилди.
Бу Ўзбекистон делегациясининг Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига қўлга киритган ўн тўққизинчи йўлланмасидир. Эслатиб ўтамиз, делегациямиз Рио-2016 Олимпия ўйинлари учун бокс бўйича -60 кг вазн тоифасида иккита йўлланмага эга чиққан эди. Мураббийлар қарорига кўра Элнур Абдураимов ва Хуршид Тожибоев орасидан Тожибоев варианти танлаб олинган.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Элнур Абдураимовни ўз иродаси ва матонати эвазига қўлга киритилган ушбу йўлланма билан муборакбод этади.