Муроджон Аҳмадалиев 1994 йил 3 ноябрда Наманган вилояти, Чуст шаҳрида туғилган. 3 қиздан кейин 4-фарзанд бўлиб дунёга келган. Дастлаб футбол, стол тенниси, кейинчалик сузиш билан шуғулланди. Орадан бир оз вақт ўтиб яқин дўсти Алишернинг бокс билан шуғулланаётганини кўриб, унда ҳам бу турга қизиқиш уйғонди ва отаси Қаҳҳоржон ака Муроджонни мураббий Қобилжон Каримовга топширди.
Ўша вақтлар мана шу кичкинагина жуссали ўсмирни вақти келиб катта спорт оламида ўз ўрнига эга бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Онаси Ойиша опа уни автоҳалокатда жиддий жароҳат олгандан сўнг энди спортда қолмаса керак деб тахмин қилганди, чунки кетма-кет жарроҳлик операциялари болани анча толиқтириб қўйганди. Орадан йиллар ўтди. Муроджон Чирчиқ олимпия захиралари мактаб интернатининг бокс бўлимида машғулотларни давом эттирди. Бу ерда унга тажрибали мураббий ва олимпия ўйинлари совриндори Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличев устозлик қилди. Дастлабки мусобақалар, мағлубиятлар, ғалаба нашидаси уни ҳақиқий боксчи бўлиб камол топишида катта мактаб вазифасини ўтади. Муроджон ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони.
Эришган натижалари:
2012-йил: Ереванда ўсмирлар ўртасида ўтган Жаҳон чемпионати кумуш медаль (-49 кг)
2013-йил: Ўзбекистон чемпиони. Санкт-Петербург, Губернатор кубоги ғолиби. Осиё чемпионати иштирокчиси
2014-йил: С.Жексон халқаро турнири ғолиби, Осиё ўйинлари иштирокчиси
2015-йил: Доҳада ўтган Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори. Бангкок мезбонлик қилган Осиё чемпионатида 2-ўрин. "Странджа" кубоги ғолиби
2016-йил: Рио-де Жанейродаги Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори (-56 кг)
2017-йил: Тошкент. Осиё чемпионати олтин медали соҳиби.
Айнан Тошкентдаги мусобақадан сўнг Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксда фаолиятини давом эттиришга қарор қилди. 2020 йилга келиб, у ўзининг саккизинчи жангидаёқ WBA ва IBF йўналишларида чемпионлик камарлари соҳиби бўлди. Бу орқали у профессионал боксда 42 йиллик натижани такрорлади. Бунгача проф боксда фақат Леон Спинкс 8 та жангда иккита чемпионлик камарини қўлга киритганди.
Боксчимизнинг ушбу ютуғи мамлакатимиз раҳбари эътиборидан ҳам четда қолмади ва боксчимизга "Ўзбекистон ифтиҳори" фахрий унвони топширилди.
Хар бир чемпионнинг хаёт йўлига назар солар экансиз бу йўллар бир текис ўтмаганлигига амин бўласиз. Ўз ҳаёт китобини олтин ҳарфлар билан тарихга муҳрлаб бораётган Муроджон янгидан-янги мақсадлар сари одимлаб бормоқда. Биз унга ушбу йўлда омад тилаб қоламиз.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати