«Челси» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард жамоа ўз йўлидан боришини, «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» услубини кўчирмаслигини маълум қилди.
«Воқеалар ривожидан илгарилаб кетмоқчи эмасман. «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» клублари қандай натижага эришгани тушунарли. Улар билан орадаги фарқни тезда қисқартирамиз, десак, аҳмоқлик қилган бўламан. Чунки бу клублар топ-ўйинчилар ва ажойиб мураббийларни таклиф қилиб, улкан ишни амалга оширишди.
Биз ҳам бу жараённи босиб ўтишимиз керак. Биз ўз йўлимиздан боришимиз керак, ўзгаларнинг йўлидан нусха олишимиз керак эмас. «Челси» сафида тажрибали ўйинчилар бор. Улар ёшларга ёрдам беришади. Лекин баъзи позицияларни кучайтиришимиз керак... Баъзи позицияларни мустаҳкамладик, аммо ҳали қиладиган ишларимиз бор.
Жаҳонда юзага келган вазият туфайли режалаштириш қийин бўлиб қолди. Лекин биз тўғри йўлдан ҳаракат қилганимизни ҳис қиляпман. Балки муҳим позицияларга янги ўйинчиларни харид қилармиз. Улар бизга пешқадамлар билан фарқни қисқартиришда ёрдам беради. Ишончим комил, «Ливерпуль» ва «Ман Сити»га рақобат туғдира оламиз», – деди Лэмпард.
Эслатиб ўтамиз, «Челси» февраль ойида «Аякс» ярим ҳимоячиси Ҳаким Зиёшнинг трансферини эълон қилган эди.