Даниэль Парехо. "Валенсия" клуби плеймейкери 31 баҳорни қарши олди. Жамоа сардори икки йил олдин клуби билан шартномасини узайтирган, 2022 йилга қадар “кўршапаклар” клубида фаолият олиб боради. Парехо бошқа испан футболчиларидан нимаси билан фарқ қилади?
Унинг ўйинини кузата туриб, мен Даниэль аср бошларидаги испан футболидан келиб қолганмикан деб ўйлайман. Чунки у ҳам ўша пайтларнинг испан юлдузлари каби ёшлар ўртасидаги турнирларни ёндирган – 2007 йили 19 ёшгача Европа чемпиони, 2011 йили 21 ёшгача қитъа ғолиби – катталашгани сари ўша даражасини сақлаб қолмаган истеъдод. Олдинги "қизил фурия" йигитлари шундай бўларди. Лекин аввал илк академияси – “Реал”да муваффақиятли ўйнаб кетолмаган бўлса-да, "Хетафе"даги яхши ўйинлари эвазига 22 ёшида "Валенсия" сафига келиб қўшилди. Деярли ўн йил давомида бу жамоанинг сафида ўйнаб келмоқда. Муқим ўйинчи.
Бугунги "Валенсия"нинг усиз тасаввур қилишимиз мушкул. Парехо яқинда катта интервью берди ва унда ёш футболчиларга зўр маслаҳатлар бериб ўтди: “Агар бир жойда бахтингизни топсангиз, у ерни тарк этишни асло ўйламанг. Кейин бу бахт шу жойга қайтиб келганингизда ҳам топилмай қолади”.
Жуда кўп юлдузлар бу гаплар нечоғлиқ ҳақиқатлигини исботлашди. Парехо эса, бир жамоада кўкарди. Тўғри, ёшлигида Европа чемпиони бўлиб юрган йигит каттароқ клубларга лойиқ, дермиз. Аммо янги масканларида ўйнаб кетиши аниқ эмас-да.
Парехо бугунги кунда Испания терма жамоасига жалб этилган ва балки, балки катталар ўртасидаги Европа чемпионатида ҳам зафарли натижалар қайд этиб, ёшлик даврига қайтар ва футболни армонсиз тарк этар. Ахир, унда бунга бугунги кунда етарли потенциал борку...
Хайрулла Ҳамидов.