Хабарингиз бор, айни вақтда юртимизда карантин қоидалари амал қилаётгани сабабли Ўзбекистон футбол ассоциациясининг барча бўлинмалари ўз фаолиятини масофадан туриб давом эттирмоқда. Хусусан, ҳудудий футбол ассоциациялари вакиллари ҳам масофадан туриб иш олиб боришмоқда.
Бугун ЎФA Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов барча ҳудудий футбол ассоциациялари раҳбарлари билан навбатдаги видеомулоқот ўтказди. Унда ўтган галги мулоқот давомида белгиланган вазифа ҳамда топшириқлар ижроси муҳокама этилди. Қолаверса, мутахассислар яна қатор мавзуларда ўзаро фикр алмашишди.
Жумладан, ҳар бир вилоят футбол ассоциациясининг молиявий ҳолатига доим жиддий эътибор қаратиш, бу борада мунтазам равишда тизимли иш олиб бориш, зарур ҳолатларда қўшимча ҳамкор ва ҳомийлар жалб этган ҳолда мусобақалар ташкил этиш муҳим экани қайд этилди.
Шунингдек, ассоциацияларда ва умуман футбол соҳасида фаолият юритаётган кадрларнинг малака ҳамда тажрибасини мунтазам равишда ошириб бориш, чин маънодаги футбол мутахассисларига эга бўлиш мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Биласиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази ташкил этилмоқда.
Мазкур марказ замонавий илмий ютуқлар ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда жами 7 та йўналиш бўйича – тренер, селекционер (скаут), таҳлилчи, ҳакам, маркетолог, психолог ва футбол менежери каби юқори малакали футбол мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.
Юртимизда илк бора ташкил этилаётган бундай футбол таълим муассасаси хорижий ва маҳаллий тажрибали мутахассислар ўзбек футболининг турли соҳаларида фаолият юритадиган етук кадрларни тайёрлайди. Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказида таҳсил олиш учун барча йўналишлар бўйича юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан номзодлар рўйхати шакллантирилади. Бу борада вилоят футбол ассоциацияларига аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, видеомулоқот давомида ҳудудлардаги футбол маҳорати мактабларига директор ҳамда спорт директори лавозимлари учун тақдим этилган номзодлар рўйхатлари муҳокама қилинди. Эндиликда уларнинг орасидан энг муносибларини саралаб олиш бўйича иш олиб борилади. Жумладан, номзодлар ЎФA махсус комиссияси орқали видеосуҳбатдан ўтказилади.