Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги уй шароитида машғулотлар олиб бораётган спортчилардан допинг қоидаларини бузмаслик ва уларга қатъий риоя қилишни тавсия қилди.
«Ҳурматли спортчилар ва мураббийлар.
Коронавирус пандемияси кўплаб спорт тадбирларини, жумладан энг йирик спорт мусобақалари бўлмиш 2020 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг 2021 йилга қолдирилишига сабабчи бўлди.
Ҳозирда барча спортчилар уй шароитида мустақил равишда, мураббийлар ҳамда шифокорларнинг онлайн назорати ва кўмаги остида машғулотларни бажаришда давом этмоқда.
Карантин давомида ўз спорт қобилиятингизни сақлаш мақсадида яратилган шароитлардан унумли фойдаланишингизни, спорт тартибига қатъий риоя қилишингизни ҳамда спортда тақиқланган дори-дармонлар ва моддаларни истеъмол қилмасликни сўраймиз», — дейилади ташкилот баёнотида.