Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

«Йиғиштир лаш-лушларингни»

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz “Манчестер Юнайтед” ёзда сотиб юбориши шарт бўлган футболчилар рўйхатини тақдим этади.

“Қизил иблислар” молиявий жиҳатдан анча бақувват клуб саналади. Бу ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто пандемиядан сўнг ҳам жамоа ўзи учун керакли бўлган футболчиларни харид қилишга қодир. Шундай бўлсада, катта трансферлар учун айрим футболчиларни сотиб юбориш зарар қилмайди. Бугун жамоани тарк этиши фойдали бўлиши мумкин бўлган футблчилар билан таништириб ўтамиз.

Крис Смоллинг (30 ёш)

Крис кутилмаганда Римдаги “таътил”дан унумли фойдаланди. “Рома” билан яхши мавсумни ўтказди. Ўзини ҳар томонлама кўрсатишга муваффақ бўлди. Ҳатто итальянча сўзлашишни бошлади. 30 ёшли ҳимоячи энди АПЛда наф бермаслиги аниқ. Боз устига,Римда уни олиб қолиш ишлари бошлаб юборилган. Афсуски, клуб эгаси Ден Фридкиннинг пуллари музлатилган. Шу сабабли, Смоллингнинг трансфери амалга ошмай қолиши мумкин. Шунга қарамай, Крис “қизил иблислар”нитарк этиш учун биринчи рақамли номзод бўлиб турибди.

Маркос Рохо (30 ёш)

Қишда аргентиналик футболчи “Эстудиантес” сафига ижара асосида бориб қўшилганидан хабарингиз бор. Афсуски, Аргентина клуби Рохони амалда нималарга қодир эканлигини кўришга улгурмади. Пандемия туфайли тўхтатилган футбол учрашувлари сабабли жамоа Рохони клубда олиб қолиш ёки ортга қайтариш борасида якуний қарорга келишга қийналиши турган гап. Шахсий шартномасида жуда баланд маош кўрсатилган футболчини Хуан Себастьян Верон президентлик қилаётган клуб ўз сафида олиб қолишига ишониш жуда мушкул. Катта эҳтимол билан “қизил иблислар” футболчига харидор излашларига тўғри келади. Рохо ўзининг энг кучли формасида ҳам 2014-йилдан бери жамоа захира ўриндиғида ўтирганини инобатга олсак, бу иш осон бўлмаслиги аниқ.

Эрик Байи (26 ёш)

Эрик аллақачон ўзи учун янги жамоа излашга тушиб кетган бўлса, ажаб эмас. Қаҳрамонимиз шу қадар кўп жароҳат олдики, ҳатто клуб шифокорлари билан ака-укадек яқин бўлиб кетди. Қайсидир маънода у жароҳатидан аввал ҳам майдонда жуда қўпол хатоларни амалга оширгани боис, клуб футболчидан катта нарсани умид қилмаётгани аниқ. Эндиликда, “қизил иблислар” учун Магуайр билан тандемда тўп суришга қодир марказий ҳимоячи керак. Линделоф ҳозирча асосий номзод бўлиб турибди. Байи борасида бундай дея олмаймиз. Катта эҳтимол билан ҳимоячи ёзда ўзи учун янги жамоа излашига тўғри келади.

Хуан Мата (31 ёш)

Андер Эррера “ПСЖ”га ўтиб кетганида, Хуан Мата нима учун трансферга қўйилмади деган ўринли савол пайдо бўлиши аниқ. Аслида, Мата ажойиб плеймейкер. Ўз вақтида АПЛда ажойиб мавсумлар ўтказган, бироқ айни дамда клуб ундан деярли наф чиқараётгани йўқ. Ўзининг 31 ёшидаёқ захира ўриндиғига михланиб қолган футболчини жамоада олиб қолишдан ҳеч қандай наф йўқ. Боз устига, унинг шартномаси 2021-йилда ўз якунига етади. Шундай экан, “қизил иблислар” испанни шу ёзда сотиб юбормаса, бирорта “чаққон” клуби уни эркин агент сифатида қўлга киритиши ҳеч гап эмас. ЖЧ ва Европа чемпионати ғолибининг маоши асосий таркиб футболчилариникида анча баланд эканлигини инобатга олсак, Матани ёзда трансферга қўйиш шарт. Йилига 6,5 миллион евро маош тўланаётган футболчи захирадан ўтиришидан ҳеч қандай наф йўқ.

Фил Жонс (28 ёш)

Сер Алекснинг сўнгги жангчиларидан биридан воз кечиш осон бўлмаслиги аниқ. Афсуски, сўнгги мавсумларда айнан Фил Жонс Давид Де Хеа учун муаммолар яратишдан бошқасига ярамаяпти. Оғир бўлсада тан олиш лозим, Фил “Манчестер Юнайтед” даражасидаги футболчи эмас. У жуда эрта ўсишдан тўхтаб қолди. Қанот ҳимоясида тўп суриш учун тезлиги етмайди. Марказда тўп сурса ўйинни бузиб қўйиши мумкин. Таянч ярим ҳимоячисига фолга мойил бўлгани учун сира мос эмас. Умуман олганда, у ҳали-ҳамон таркибда эканлигинин сабаби нима эканлигини қизиқ. Катта эҳтимолки,уни сотиб олишни бирорта клуб истамаган. Акс холда, “МЮ” биринчи имкониятдаёқ уни сотиб юборган бўлар эди.

Жесси Лингард (27 ёш)

Лингарддаги ўсиш кўзни қамаштираётган эди. Ҳатто унинг ЖЧ-2018даги ўйинлари сабабли “Манчестер Юнайтед”нинг келажаги деб эркалашди. Афсуски, Лингарднинг ўйини қисқа фурсатда кескин пасайиб кетди. Боз устига, у жамоа билан янги (яхшиланган) шартномани имзолагач, сермаҳсуллик кўрсатишни тўхтатди. Секин-аста асосий таркибдан тушиб қолишни бошлади. Айни дамда, қаҳрамонимиз ўз фаолиятини “Арсенал”да давом эттиришга жуда яқин турибди. Агар, “қизил иблислар” уни трансферга қўйса, деярли ҳеч нарса ютқазмайди. Барибир, Жесси бундан баландроқ даражага кўтарила олмаслигини маълум бўлиб улгурган.

Алексис Санчес (31 ёш)

Ўз вақтида АПЛнинг (“Арсенал” сафида) энг яхши футболчиларидан бири бўлган чилилик ҳужумчининг карьераси ҳозир деярли боши берк кўчага кириб қолди. “Интер” уни жамоада олиб қолишни истамаяпти. “Манчестер Юнайтед”га улкан маош олувчи фойдасиз футболчи керак эмас. Сотиб олишни истаган бирорта клуб йўқ. Афсуски, Санчесни бирорта клуб ўз сафида кўришни истамаяпти. Шундай бўлсада, ҳеч йўқ уни ижрага бериш борасида бош қотиришга тўғри келади. Балки, ўртадаги шартнома икки томоннинг келишуви билан бекор қилинар. Нима бўлган тақдирда ҳам Алексис “қизил иблислар” тарихидаги энг омадсиз трансферлардан бири сифатида узоқ муддат эсланиши аниқ.

Пол Погба(27 ёш)

Погба айни дамда кетиш ёки қолиш ўртасида қолиб кетган футболчи. Соддароқ қилиб айтганда, аросатда қолган ярим ҳимоячи. Унинг нималарга қодир эканлигини барча билади. Буни исботлашнинг хожати йўқ. Афсуски, “Реал”га амалга ошмаган трансфер унинг мухлислар олдидаги мавқеини кескин пасайтириб юборди. Футбол тарихида биринчи бўлиб 100 миллион еврога баҳоланган футболчи кутилганидек янги етакчи бўлишни уддалай олганча йўқ. Уддалаши ҳам тобора ҳақиқатдан йироқдек туюлиб бормоқда. Бу мавсумнинг катта қисмини жароҳати сабабли ўтказиб юборган футболчи учун пандемия жуда оғир зарба берди. Пол деярли бир мавсум катта футболдан четда қолди десак, адашмаган бўламиз.

Айни дамда, Погба “қизил иблислар” учун тутқичи йўқ чемодан сингари бефойда буюмга айланиб бўлди. Агар, Сульшер керакли тутқични топа олсаку, яхши, бироқ бу тутқич топилмаса Погба трансфери Алексис Санчесникидан ҳам салбийроқ хотираларни қолдириши аниқ. Умуман олганда, агар Фернандеш юқори темпда тўп суриб турса, Погбага бўлган эҳтиёж кескин камайиб кетиши турган гап. Шундай экан, амалдаги ЖЧ ғолиби сотиб юбориш эвазига клубга янги футболчиларни олиб келиш ҳақида бош қотириш, унинг ўзига келишини кутишдан афзалроқдек кўринмоқда.

Yahyoxo'ja Ulug'xo'jayev

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 16:49, 27.04.2020.
Ўқилди: 7587 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.