Андреас Иньеста 36 га кирди. “Андреас Иньеста футболдан кетса, футбол кимдан айрилганини билиб олади!” Бу гап марҳум Тита Вилановага тегишли.
Ҳозир Иньестанинг уйига борсак, менимча, бир хона тўла кубок бўлса керак. Қўлга киритилган совринлари Мессиникидан кўпроқлигига ишонаман. Тўғри, “Барса”да иккиси бир хил натижалар қайд этишган, аммо Лео Испания термасида ўйнамаган-ку, тўғрими?!
Мен бу йигитни илк бора барча юртдошларимиз сингари 2003 йилги ёшлар ўртасидаги ЖЧда кўрганман. Иньеста ўшанда Ўзбекистон ёшлари дарвозасига ягона голни урганди. Бу йигитнинг энг порлоқ онлари, албатта, Каталония суперклубининг тизимидаги ўзгариш даврига тўғри келади. Андреас Хави ва Месси билан шундай бир учлик бўлдики, бу учликка қарши ўйнаб бўлмай қолди. Улар футболни ўзгартириб юборишди. Бу учлик ичида менимча энг кўп ишни Иньеста амалга оширган...
Андреас алоҳида олинганда ҳам ўз услубига эга нодир футболчидир. Унинг тўп билан оригинал ҳаракати – рақибни айланиб алдаб ўтиши ҳалигача бетакрор ҳисобланади. Феълан ўта камтарин бўлган қаҳрамонимиздан камида битта “Олтин тўпи”ни олиб қўйишганини ҳам биламиз. Лекин у бунақа нарсаларга эътибор бермайди. Ўйнайверади.
16 йил давомида майдон марказида ҳокимлик қилган бу йигит клубнинг нурли даврларида асосий мотор эди. 2010 йили Испания термасига жаҳон чемпионлигини тақдим этган голни йўллаганини ҳар бир испаниялик болакай роҳатланиб эсласа, Барса мухлислари 2009 йили Челси дарвозасига йўллаган суперголини унута олмайдилар. Голлар унинг асосий фишкаси эмас, албатта. Иньеста майдонни ўқий билиши, ҳужумни бошқа томонга кўчира олиши билан донг таратган. Гвардиоланинг мураббийлик давридаги Иньестанинг ўйинини такрорлаш имконсиз, деб ўйлаймиз.
Хайрулла ҲАМИДОВ