Кириш Регистрация

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: "Эль Локо"

Баҳо:
+ | -

Бу кун дунёнинг бугунги кундаги энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бири бразилиялик Марсело туғилган кун. 1988 йили туғилган, демакки, 32ни қоралаб қўйди. Отаси ўт ўчирувчи бўлган, онаси ўқитувчи. Футзалда бошлаган тўп билан ўйнашни. Сал катта бўлиб, катта футболга ўтгач, мажбурликдан футболни ташлашига тўғри келди. Флуминенсе билан уйи ўртасидаги йўлга пул топилмаган. Қашшоққина оила аъзоси эди, начора. Бу ҳодисадан хабар топган Флуминенсе раҳбарлари шу ҳаражатни ўз зиммасига олади ва Марсело яна қатнай бошлайди. Жаҳон футболи кимдан айрилиб қоларди, тасаввур қиляпсизми?

Биринчи маошини – 100 бразилия реални бобосига олиб келиб берган.

Марадона бразилиялик ҳимоячини ўзи кўрган ҳимоячилар ичидаги энг зўри деб таърифлаган. Криштиану эса, ҳазил аралаш “Диего Пепе билан видеоўйинларни ўйнамаганда, бу фикридан қайтарди” деган. Аслида Роналду ва Марсело Реалдаги энг яқин дўстлар. Голли вазиятларда ҳам сезилади. Ҳатто Криш жамоани тарк этгач, бразилиялик вингернинг ўйини орқага кетгани, нимадир етишмаётганини айтганидан ҳам билса бўлади. Ювентус ижросидаги ўйинларни кузатсак, Туринга ҳам Марсело керакдек. Марсело Мадридга Гонсало Игуаин билан бир кунда келган. Ўзининг айтишича, охирги ўйнайдиган клуби Ботафаго бўлади. Клубнинг ашаддий мухлиси ҳисобланади. Яқин қолди шекилли кетиши.

Реалдаги лақаби “Эль Локо”, маъноси қутурган. Телба деса ҳам бўлади. Ўйинидан келиб чиқиб айтилган, албатта. Ҳаётда жуда қувноқлиги ҳаммага маълум. Кўпгина экспертларнинг тадқиқотига кўра, Марсело сўнгги йигирма йилликнинг энг техникаси кучли латерали. Айниқса, прессингдан чиқишда унинг ҳаракатлари беназирдир. Марселонинг ҳаракатларини кўпчилик Роберто Карлосга ўхшаш дейишадию, аслида замонавий футболда қаҳрамонимизнинг ҳаракатлари устундек сезилади. Карлос зарбаси билан кўп айбини ёпиб юборган бўлса, Марсело рақиб томонига бориб кутилмаган комбинациялар уюштириши билан ҳимоядаги хатоларини унуттиради. Шу томони жуда ўхшаш. Аммо хатолар борасида Роберто Карлосда кўпроқ кузатилган.

Марселонинг шу даражага чиқишига бразилиялик ватандоши сабабчи. Карлос Марселони янги мамлакатга кўникиши учун кўп хизмат қилган.

Шунингдек, шу қанотга қайтарган Моуриньонинг ҳам ёрдамини эсдан чиқармаслигимиз керак. 2010/11 йилги мавсум ишончни юз фоизга оқлаган Марсело кейинчалик бу жойни ўзиники қилиб олди. Айнан ўша мавсум Роналду ва Мессидан кейинги энг кучли футболчи Марсело деганди Марадона.

Ана шу ажойиб латерял ҳозирда эски формасида эмас. Аммо Зиданнинг уч марта қаторасига ЕЧЛ кубогини қўлга киритаётган даврида энг барқарор ўйинчи кўп эҳтимол Марсело эди. Муносиб фаолият, муносиб натижалар...

Манба: Хайрулла Ҳамидов телеграм канали
Киритилди: 08:44, 12.05.2020.
Ўқилди: 3726 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.