Кириш Регистрация

Лаутаро ёки Неймар? «Барселона»га ким кўпроқ зарур?

Баҳо:
+ | -

«Барселона» ҳам аксарият клублар сингари коронавирус пандемияси сабаб юзага келган инқироз туфайли молиявий йўқотишларга дуч келмоқда. Шунга қарамай каталонияликлар трансфер бозорини ларзага келтириши мумкин бўлган шов-шувли харидларни амалга ошириш фикридан қайтмаяпти. «Кўк-анорранглилар» мавсумлар оралиғида камида битта катта трансферни амалга оширмоқчи. «Барселона» кўзлаган мақсадига эришиш йўлида ҳатто ўз футболчиларини сотишга ва трансферга қўшимча тариқасида бериб юборишга ҳам тайёр.

Каталон клубининг асосий трансфер мақсади маълум — Лаутаро Мартинес ва Неймар. «Барса» ўтган ёздан бери уларни сотиб олишни устувор вазифа деб билади ва иккала футболчини ҳам ўз сафига қўшиб олишни хоҳлайди. Ҳозирга вазиятни ҳисобга олиб айтганда, бу бирмунча қийинчиликларни туғдириши мумкин. Шу боис клуб раҳбарияти икки ҳужумчидан бирини танлаши керак. Қуйида Неймар ёки Лаутаронинг сотиб олинишининг ижобий ва салбий томонлари кўриб чиқилади.

Лаутаро Мартинес

Лаутаро – туғма тўпурар. У жорий мавсумда барча мусобақаларда 31 ўйинда 16 та гол урди ва 4 та голга ҳаммуаллифлик қилди. Бироқ бу натижа Мартинеснинг «Интер»нинг энг яхши тўпурари бўлишга етарли бўлмади. Милан клубининг бошқа бир ҳужумчиси Ромелу Лукаку киритилган тўплар ва ассистлар сони бўйича аргентиналикни ортда қолдирди. Аммо Лаутаро келажак учун яхшигина «сармоя» бўлиши мумкин. «Барселона» эса икки йилдан бери Луис Суареснинг ўрнини узоқ муддатга эгаллаши мумкин бўлган ҳужумчи қидирмоқда. Лаутаро варианти эса айни муддао бўларди. Мабодо трансфер кутилган натижани бермаса ҳам Лаутаронинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, уни бошқа жамоага сотиб юбориш ортиқча қийинчилик туғдирмайди.

Лаутаронинг яна бир афзаллиги – унинг миллати. Мартинес Месси билан бирга битта жамоада ўйнашга муваффақ бўлган. «Барса»нинг ўйини деярли ҳар доим Леонинг атрофида қурилишини ҳисобга олганда, ёш ва аввалдан таниш бўлган ватандош шерик унга зарар қилмасди. Бунга қўшимча равишда Лаутаро тўп билан яхши муомала қила олади ва ўзи учун қулай вазиятларни осонликча яратади. Хуллас, Мартинес «Барселона»да қадрланадиган барча фазилатларга эга.

Ягона муаммо эса Лаутаронинг тажрибаси камлиги бўлиши мумкин. Бу йилги мавсум Лаутаро ўзини яхши томондан намоён қила олган биринчи мавсум бўлди. У 2018/19 йилги мавсумда унчалик самарали бўлмаган ва кам ўйин амалиётига эга бўлган. Жорий йилда ҳам у гол ва ассистентлик борасида Лукакудан ортда бормоқда. Бошқа томондан аргентиналик ёш форвард А Серияда яхши ҳаракат қилмоқда, у ерда эса ҳужумкор ўйинчиларга ҳар доим ҳам осон кечмаган. Шундай экан Лаутаро «Барселона» ва унинг ҳужумкор ўйини билан йўқолиб қолмайди.

Аввалига Мартинесга қийин бўлади ва «қария» Суарес билан рақобатда ғолиб чиқиш, албатта, осон эмас. Ва ҳатто биринчи мавсумни сабр-тоқат билан захира ўриндиғида ўтказиши ҳам мумкин. Суареснинг каталонияликлар билан амалдаги шартномаси 2021 йилнинг ёзигача амал қилади. Ўша вақтга келиб, клуб 34 ёшли ҳужумчига янги шартнома таклиф қилиши даргумон. Шу сабабли, Лаутаро Суареснинг ўрнини эгаллаши ва кўп йиллар давомида «Барселона«нинг асосий марказий ҳужумчисига айланиши мумкин.

Неймар

Неймар номзодига келганда жуда кўплаб қарама-қаршиликларга дуч келинмоқда. Лаутаронинг ҳолатида эса барчаси оз бўлса-да тушунарли. Бироқ бразилиялик футбол юлдузининг Каталонияга қайтишининг салбий томонлари нисбатан кўпроқ. Ўйин жиҳатдан Неймарда барчаси кўнгилдагидек. Франция чемпионатининг муддатдан олдин якунланган мавсумида у 22 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 18 та гол ва 10 та ассистни расмийлаштириб қўйди. Бир қарашда Неймарнинг трансфери Мартинесга қараганда фойдалироқ туюлади. Неймар асосий позицияси бўйича чап қанот вингери ҳисобланади. Шунингдек, у марказий ҳужумчи сифатида ҳам бемалол ўйнай олади.

Месси, Неймар ва Суарес триоси ҳали кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бироқ бу янча олдин бўлганди. Неймарнинг қайтиши билан «Барселона»нинг ўша «сеҳр»ли ўйини қайтишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бунга асосий шубҳа – ўйинчиларнинг ёши. Суарес 33 ёшида тез-тез жароҳат орттириб олаётган бўлса, Неймар 28 ёшида бундан-да «яхшироқ» кўрсаткичга эга. Бундан ташқари Мессининг ҳам сўнгги вақтларда соғлиғида мунтазам равишда муаммолар кўзга ташланмоқда. Аргентиналик футболчига ишончли ёрдамчи, баъзи ҳолатларда эса унинг ўрнини эгаллаши мумкин футболчи керак. Неймарнинг бундайлигига эса асосли шубҳалар мавжуд.

Неймарнинг қайтишига ҳар томондан қарасангиз ҳам барибир қарама-қаршиликлар бўлаверади. Айни пайтда «Барселона»да ўнинг позициясида Антуан Гризманн тўп суради. Бундай вазиятда эса франциялик футболчининг тақдири номаълумлигича қолиб кетади. Агар таркибда Гризманн, Месси, Суарес ва Неймар бўлса, табиийки, биринчи уч нафар ўйинчидан бири жамоадан кетишига тўғри келади. Ушбу вазиятда каталонияликлар учун ягона йўл – Гризманни Неймарга қўшимча тўлов эвазига алмаштиришдир. Дарвоқе, бу вариант аввалроқ клублар ўртасида муҳокама қилинганди.

Неймарнинг қайтишининг ижтимоий томонини алоҳида таъкидлаш зарур. Унинг қайтиши тижорат нуқтаи назаридан «Барселона« учун катта ютуқ бўлади. Бироқ «кўк-анорранглилар»нинг ашаддий мухлислари Неймарнинг қайтишига қандай муносабатда бўлиши ҳам катта савол остида қолмоқда. Уч йил аввал унинг қай тарзда клубни тарк этганини ҳамма яхши эсласа керак. Шунингдек, Неймар турли бонуслар туфайли ҳамон «Барселона» билан судлашмоқда. Шунга қарамай каталонияликлар уни олиб келиш фикридан қайтмаяпти.

Трансфер атрофидаги вазият

Мартинеснинг товон пули 111 миллион еврони ташкил қилади. Ҳатто «Барса» ҳам инқироз даврида бу суммани ўзига раво кўра олмаслиги мумкин. Шу боис клуб раҳбарияти ўз футболчиларини қўшиш ҳисобига бўлса-да трансфердан воз кечмоқчи эмас. Сўнгги хабарларга кўра, Каталония клуби Лаутаро учун 60 миллион евро ва икки ўйинчисини беришга тайёр. Бу – «Интер»ни қизиқтира олган ягона таклиф.

Неймарнинг ҳолатида ҳам вазият шунга ўхшаш. ПСЖ ҳақиқатан ҳам Гризманни ўз сафида кўришга қизиқиш билдирмоқда. Ўз навбатида «Барселона« ҳам Гризманни ҳеч қандай иккиланишларсиз шартномага киритиши ва парижликлар билан музокараларни давом эттириши мумкин. Неймарнинг шартномасида товон пули миқдори кўрсатилмаган, шу боис томонлар ўйинчининг нархини музокараларда келишиб олишади. ПСЖ ўтган ёзга қараганда бошқачароқ йўл тутади. Парижликлар бор эътиборини Неймарга эмас, балки Килиан Мбаппени жамоада олиб қолишга қаратади.

«Барселона»нинг «Интер«га қараганда ПСЖ билан келишиши осон кечиши мумкин.Бинобарин, Неймарнинг  трансфери Мартинесни имзолашдан кўра осонроқ. Бироқ ушбу битимнинг мақсадга мувофиқлиги бразилиялик футболчининг трансфери иқтисодий томондан «жозибадор»лигига қарамай жуда кичик. Неймар ҳозир 28 ёшда. Эҳтимол, у аллақачон ўзининг энг юқори чўққисига чиққандир. Мартинес эса бор-йўғи 22 ёшда. Мантинес Каталон клубининг етакчисига айланиш учун барча имкониятларга эга, йиллар ўтиши билан эса у фақат кучаяди.

Неймарнинг энг катта камчиликларидан бири – унинг жароҳатларга мойиллигидир. Парижга кўчиб ўтганидан бери у ҳар мавсумда ўнлаб ўйинларни ўтказиб юборди. Неймар муҳим ўйинларда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин, аммо асл муаммо – унинг ҳар доим шундай ўйинларда қатнашмаслигида. Яна Неймар характери ва толерантлиги билан ҳам мақтана олмайди.

Тўғри, Лаутарода Неймарники каби юқори техника бўлмаслиги мумкин. Бироқ Мартинес – ҳақиқий тўпурар. Ҳозирги вазиятда эса айнан шундай ўйинчи каталонияликларга кўпроқ асқатган бўларди. «Барса»да етарлича ижодкорлар бор, аммо вазиятларни якунлайдиган ўйинчи йўқ. Бундан ташқари, Мартинес Неймарга қараганда анча кам маош олади. Бу эса инқироз даврида айни муддао бўлиши мумкин. Лаутаро пулга ташна эмас, аксинча у катта учрашувлар ва совринлар қўлга киритишни истайди. Мартинеснинг сотиб олиниши эҳтимол «Барселона»нинг сўнгги йиллардаги энг яхши қарори бўлар. «Барселона» учун нафақат юлдузларни сотиб олиш, балки уларни кашф қилиш вақти ҳам келди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:03, 14.05.2020.
Ўқилди: 7758 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.