Кириш Регистрация

«Тошкент йўлбарси» дея ном қозонган бокс афсонаси ҳақида

Баҳо:
+ | -

Боксдаги фаолияти орқали бутун дунёда “Тошкент йўлбарси” номи билан донг таратган афсонавий боксчи Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрь куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топган.

Руфат Рисқиев 14 ёшидан бошлаб бокс билан жиддий равишда шуғуллана бошлаган. У ўзбек боксчилари орасида халқаро майдонларда совриндор бўлган дастлабки боксчи сифатида тарихга муҳрланган.

Руфат Рисқиев ўз карьераси давомида у 189 та жанг ўтказиб, шундан 174 тасини ғалаба билан якунлаган. Илк бор 1972 йилда 75 килограммгача вазн тоифасида Собиқ иттифоқ чемпионлигини қўлга киритган. Ўзбек бокси афсонаси 1974-76 йилларда қаторасига уч бор яна мамлакатда тенгсиз эканлигини исботлаган.

У 1974 йилда Гаванада ўтказилган бокс бўйича илк жаҳон чемпионатида барча рақибларини тиз чўктириб, олтин медални қўлга киритади. Қайд этиш лозим, AIBA 1974 йилдан эътиборан ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионати ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган ва Руфат Рисқиев дастлабки чемпионлардан бири сифатида тарихга кирган. У пайтларда бокс бўйича жаҳон чемпионати худди Олимпия ўйинлари сингари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилар эди.

Руфат Рисқиев 1976 йилда Монреаль шаҳри мезбонлик қилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси саналмиш Олимпия ўйинларида финалгача етиб бориб, мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлган. Ушбу Олимпия ўйинларидан сўнг 27 ёшли Руфат Рисқиев фаолияти давомида орттирган жароҳатлари сабаб катта спортни тарк этишга қарор қилади.

Руфат Рисқиев собиқ Иттифоқ бокс федерацияси томонидан “Энг яхши боксчи” унвони билан тақдирланган. Маълумот учун, ушбу мукофот 1948 йилда Россияда бокснинг 50 йиллиги муносабати билан таъсис этилган бўлиб, унвонга ўз даврининг енгилмас боксчилари сазовор бўлишган.

Спортдаги фаолиятидан сўнг Руфат Рисқиев ўз ҳаётига бағишлаб ишланган “Рингга чорламоқда...” фильмида суратга тушган.

1997 йилда Руфат Рисқиев WBAнинг ҳакамлар бўлимига аъзо бўлди ва Марказий Осиёда профессионал бокс бўйича халқаро тоифадаги биринчи ҳакамга айланди.

Руфат Рисқиев 1977 йилда Маъмурахон Рисқиева билан турмуш қуради. Ушбу никоҳдан икки ўғил ва бир қиз дунёга келган. Ҳозирда 7 набирани тарбиялаб, вояга етказмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Манба: minsport.uz
Киритилди: 20:58, 15.05.2020.
Ўқилди: 4399 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Zo'r TV телеканали 8-июнь куни Нидерландия-Ўзбекистон ўртоқлик ўйинини жонли трансляция қилади [8457]

Пепе Моуринью билан бирга «Реал»га қайтмоқда [4460]

Бразилия терма жамоаси қайдномасида ўзгариш юз берди [4385]

Швейцария терма жамоаси заҳарли илонлар сабабли базасини ўзгартирмоқда [3864]

Нидерландия бош мураббийи Рональд Куман Ўзбекистон терма жамоасига қарши иккита ўйин ўтказилишини сўради [3852]

Жозе Моуриньо «Реал»нинг қайси ёш юлдузига асосий урғу қаратмоқчи эканлиги маълум бўлди [3753]

Кержаков Ўзбекистон терма жамоаси дуч келадиган асосий муаммони айтди [3130]

Флик Кейн ва Альварес ўртасида танлов қилди [2841]

Қозоғистон футбол федерацияси амалдори Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ–2026 учун таркибига баҳо берди [2708]

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларига жаҳон чемпионати ўйинлари учун мукофот пуллари бериладими? [2469]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик