Суперлиганинг 5-тури доирасидаги баҳсда АГМК Олмалиқда “Сурхон”ни қабул қилади.
Ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйин тарихи қисқа ва бу ўтган мавсумдан бошланди. Ҳозирга қадар АГМК термизликлар билан икки маротаба тўқнаш келган. Ўтган мавсум Олмалиқда кечган ўйинда Дилшод Жўраев ва Санъат Шиховнинг голлари АГМКга ғалаба келтирган бўлса, Термизда Аброр Исмоиловнинг голи “Сурхон”ни ғолиб қилганди.
Жамоаларнинг жорий мавсумдаги ҳолатига назар ташласак, Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК жадвалда 2 ғалаба, 2 дуранг ва 8 очко тўплаган ҳолда 4-ўринда бормоқда.
Баҳром Ҳайдаров бошчилигидаги “Сурхон” 4 очко билан 10-ўринни эгаллаб турибди.
Термизликлар мавсумни мағлубият билан бошлашди. Ўз уйида “Бунёдкор”га (1:3) имконият бой берилгач, келаси ўйинда Навоийда “Қизилқум” (2:1) мағлуб этилди. Сўнгра Термизда “Насаф”га (1:2) қарши баҳсда иккинчи мағлубият қабул қилинди. Ўтган турда эса Термизда “Машъал” (2:2) жанговор дуранг қайд этилди.
Кўриниб турибдики, гарчи жамоа 4 ўйинда атиги 4 очко жамғарган бўлсада, ҳар учрашувда рақиб дарвозасига йўл топишни уддасидан чиқмоқда. Шунингдек, ўз дарвозасидан ҳам мунтазам равишда тўп қўйиб юборилмоқда. “Сурхон” иштирокидаги баҳсда энг камида 3тадан, ўртача эса 4тадан гол киритилмоқда.
Жамоанинг голларига Касьян (2), Ҳусниддин Ғофуров, Шерзод Каримов, Сардор Сулаймонов ва Азиз Ибрагимов муаллифлик қилишган. Қайд этиш керакки, бизга қарши ўйинни меҳмонларнинг етакчи футболчиси Шавкат Саломов дисквалификацияси туфайли ўтказиб юборади.
АГМК мавсумни кетма-кет икки дуранг билан бошлади ва қаторасига 2 учрашувдан буён ғалабали серияни давом эттирмоқда. Дастлаб уйда "Металлург" (1:1) билан дуранг қайд этилди, кейинчалик Жиззахда "Сўғдиёна"га (1:1) қарши баҳсда яна ғолиб аниқланмади. Олмалиқда ўтган "Бунёдкор" (2:0) билан бўлган тўанқшувда жамоамиз ишончли ғалабани тантана қилди. Сўнгра Навоийда "Қизилқум" (1:0) устидан ғалаба қозонилди.
АГМК чемпионатда энг кам гол (-2) ўтказиб юборган ҳамда “Насаф” билан биргаликда мағлубиятга учрамаган жамоа сифатида қолмоқда.
АГМКнинг киритган голларига Мате Ватсадзе, Игорь Зонич, Муроджон Тошматов, Ҳожимат Эркинов ва Элгужа Григалашвили муаллифлик қилишган.
АГМК Ўзбекистон миллий чемпионатида ўтказган 343 ўйиндан 121таси ғалаба қозонган, 150 мағлубият ва 72 беллашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 470-503.
Суперлига, 5-тур.
20 июнь, шанба.
АГМК — “Сурхон” (20:00)
Ҳакамлар: Рустам Лутфуллин, Абдуҳамидулло Расулов, Олим Абдувосилов, Абдурашид Худойберганов
Назоратчи: Константин Смирнов
Комиссар: Эркин Бахтиёров
Трансляция: "Дунё бўйлаб" канали (жонли)