Лондоннинг “Арсенал” жамоаси етакчиси Пьер Эмерик Обомеянг ҳар бир профессионал футболчи сингари ЕЧЛда зафар қучишни орзу қилмоқда. Афсуски, “Бороссия”да ҳам, “Арсенал”да ҳам бу орзуни амалга оширишнинг иложи бўлмади. Шунга қарамай, габонлик футболчининг оиласида ушбу совринни ютган футболчи мавжуд. Бугун шу мавзуга қисқача тўхталиб ўтамиз.
Обомеянглар оиласи
Пьер Эмерик Обомеянг Париж яқинидаги кичик шаҳарчада габонлик мухожирлар оиласида таваллуд топади. Футболчининг дадаси ҳам собиқ чарм тўп устаси. Бундан ташқари, Пьернинг яна иккита акаси бор ва улар ҳам собиқ футболчилар. Уилам-Филс ва Каталин Обомеянглар ҳам ўз вақтида номдор клублар шарафини ҳимоя қилишган. Ака-укаларнинг барчаси “Милан” академияси тарбияланувчилари саналади. Гап шундаки, уларнинг дадаси бутсаларини михга илгач, “россонерилар”нинг скаути сифатида фаолият олиб борган. Шу сабабли, болалари “Милан” академиясидаги барча ёш тоифасидаги болалар жамоасида тўп сурган. Пьернинг Эмерикнинг акаларидан бири Андрей Шевченко билан жамоадош бўлган ва ЕЧЛда зафар қучган.
Уилам-Филс Обомеянг
Уиламс-Филс бугунги кунда 33 ёшни қарши олган. У оилада ўртанча фарзанд. Қаҳрамонимиз 2016-йилда бутсаларини михга илгач, айтарли бир юмуш билан шуғулланаётгани йўқ.
Ўртанча ўгил 2005-йилда “Милан”нинг ёшлар жамоасида кўриниш беради. Позитцияси ўнг қанот ҳимоячиси бўлгани боис, клуб ёш футболчига атиги бир бор майдонга тушиши учун имкон беради. Кубог учрашувида “Катания”га қарши ўйинда дебют қилган Уиламнинг жамоаси мағлуб бўлади. Мураббий эса, футболчидан умиди узади ва уни ижарага жўнатиб юборади. Кейин “Авелино”, “Монц”, “Эйпен” сингари клубларда топ тепди ва 2011-йилда эркин агент сифатида Шотландиянинг “Климанрок” жамоаси билан шартнома имзолади. Эътиборлиси шундаки, қаҳрамонимиз 6 та ўйинда Габон миллий жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
Каталин Обомеянг
Ушбу мақоламизнинг асосий қаҳрамони билан танишинг. У Обомеянгларнинг каттаси. Каталин Европага кўчиб келганида 1 ёшда эди. Каталин профессионал футболчиликни “Реджина” сафида бошлаган чап қанот ҳимоячиси 2000-йилда “Милан” аъзосига айланади. Тан олиш лозим, Каталин жуда кўп клублар шарафини ҳимоя қилган ва уларнинг 80 фоизи ҳақида сиз эшитмагансиз. Шунга қарамай, у қўлга киритган совринлар борасида исталган юлдуз футболчи билан баҳслашиши мумкин. Италия Кубоги ва ЕЧЛ соврини сўзимизга исбот бўла олади. Каталин нақд 6 йил давомида “россонерилар” шарафини ҳимоя қилди. Ўзининг дебют учрашувини 2001-йилда УEФА кубоги доирасида БАТЭга қарши ўтказади. 2002/03-йилги мавсумда ЕЧЛ доирасида “Депортиво”га қарши учрашувда 5 дақиқа тўп сургани боис, якунда УEФА унга ҳам олтин медални тақдим этади. “Милан” ЕЧЛ финалида Туриннинг “Ювентус” жамоасини пеналтилар сериясида мағлуб этгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас. Ўша финал учрашувидан 14 йил ўтиб, Каталин бутсаларини михга илганини расман эълон қилди. Бугунги кунда у укаси билан Лондонда истиқомат қилмоқда.
Тўғрироғи, Обомеянглар оиласи тўлиқ холда Лондонда истиқомат қилади. Уч ака-ука ўртасидаги алоқалар жуда яхши. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги бирга тушган суратларини тез-тез учратишингиз бежиз эмас.