Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Гризманнинг «Барса»да «йўқолиб»қолишига сабаб бўлган беш омил

Баҳо:
+ | -

Амалдаги ЖЧ ғолиби бўлишига қарамай, Каталония клубида ўзини кўрсата олмаган Антуан Гризманн ҳақида фикр алмашамиз. Хўш, қандай муаммолар “Атлетико”нинг собиқ етакчисига тўсқинлик қилмоқда? Бугун шу мавзуга тўхталиб ўтамиз.

1-тўсиқ. Бартомеунинг хатоси

Аслида Суарес, Месси ва Дембелеси бор ҳужум учлигига эга клубга Гризманнинг нима кераги бор эди? Вальверде ўзи шундоқ ҳам асосий урғуни ҳимояга қаратаётган чоғида, 4 ҳужумчига майдонда керакли ўрин топиш жуда мушкул эканлиги ҳақида наҳот Бартомеу сира ўйлаб кўрмади? Маrcа нашрининг маълум қилишича, Лео Месси аввал бошида бу трансферга қарши бўлган, бироқ Бартомеу аслида ким хўжайин эканлигини намойиш этиш учун ҳам французни Каталонияга кўчириб олиб келган. Президент жамоа постида узоқроқ қолиш мақсадида пулларни сарф этишда давом этмоқда, бироқ жамоанинг қарзлари билан иши йўқ. Айни дамда, “Барселона”нинг қарзи 500 миллион евродан ошиб кетган. Бу муаммодан клуб фақат кредитлар ёрдамида қочиб юрибди, бироқ шу сабабли клуб энди Неймарни ортга қайтаришни уддалай олмайди. Эндиликда, жамоа Гризманни яхшигина пул эвазига сотиб юборган тақдирида ҳам қарзнинг чорак қисми ҳам қопланмайди. Жамоа Антуан орқали клубнинг шонли ўтмишини ортга қайтармоқчи эди. Афсуски, Бартомеунинг режаси иш бермади. Антуаннинг унинг омадсиз ва жуда қиммат трансферлари (Дембеле, Коутиньо) қаторидан муқим ўрин эгаллади.

2-тўсиқ. Атрофдаги футболчилар

Ачинарлиси шундаки, Антуаннинг Каталониядаги обрўсига атрофидагилар ҳам катта путур етказмоқда. Қаҳрамонимизнинг дадаси клуб мураббийи – Кики Сетьенни жамоани чемпионлик сари етаклашга қодир эмас деб таъриф берган бўлса, футболчининг акаси мураббийни укасига етарлича ўйин амалиёти тақдим этмасликда айбламоқда. Боз устига, Антуаннинг турмуш ўртоғи ижтимоий тармоқлар орқали клубдаги ички муҳит сирларини барчага ошкор этмоқда. Бу вазиятга Антуанни Испанияга кўчириб келган ва 6 йил давомида ўз уйидан жой берган скаут Эрик Олтас ажойиб таъриф берди.
“Биласизми, Антуаннинг атрофидаги инсонлар уни бироз эркалатиб юборишмоқда. Балки, улар бераётган маслаҳатлар иш бериб қолар, бироқ унинг оиласини яхши билган инсон сифатида шуни таъкидлашим мумкинки, Гризманн сабр қилиши лозим. Барчаси ўз ўрнига тушиб кетади”.

Дарҳақиқат, Эрик футболчининг ҳали-ҳамон коллектив билан чиқишиб кетмаганида аторофидаги инсонлар ҳам масъул эканлигига шаъма қилмоқда. Айнан уларнинг ширин сўзлари сабабли Антуан барча омадсизликларда ўзини эмас, жамоа мураббийини айламоқда.

3-тўсиқ. Луис Суарес ва Месси эффекти

Гризманн “Атлетико”да доимо ҳужумчи ортида ҳаракат қилар, керакли паллада алдамчи“тўққизлик”сифатида марказга ёриб кирар эди. Каталония жамоасининг ўйин услуби Мадрид клубиникидан кескин фарқ қилади. Эндиликда, Антуан қанотда ёки ҳужумчи сифатида тер тўкишга мажбур. Суареснинг ўрнини эгаллаш маҳол. Унинг ортида Лео ҳаракат қилмоқда. У яқин 5 йил давомида бу позицияни ҳеч кимга бериб қўймаслиги турган гап. Шундай экан, Антуан ўзини эркин ҳис қилувчи амплуаларнинг деярли барчаси банд. Бечора футболчи, экспертларнинг айтишича, атиги бир бор ўзининг асл позицияда тўп сурди холос. У ҳам бўлса, ўтган йили “Бетис”га қарши учрашувда амалга ошди. Айни дамда, қаҳрамонимиз Ла Лиганинг 19 та ўйинида майдонга тушган ва 4 бор гол киритган. Бу тушунарли ҳолат. Агар Антуан ўзи учун қулай позицияда тўп тепишни истаса, Кике Сетьен майдонга Месси ва Суаресларни туширмаслиги талаб этилади. Бунда вазиятда, Гризманндан аввалги даражасида тўп суришни талаб қилиш ноўрин. Шу сабабли, унинг сермаҳсуллиги кескин пасайиб кетган кўринади.

4-тўсиқ. Тактик модель

Антуан киритган голларга эътибор қаратсангиз, барчаси жамоанинг ўйин услубидан бироз чекинга пайтда урилганини дарров англайсиз. Бечора Антуанни чап қанотда “михлаб” қўйишди. Ваҳоланки, у узоқ йиллардан бери эркин ижод қилишга ўрганиб қолган эди. Энди қаҳрамонимиз чап қанот вингери сифатида асосан узатмалар билан машғул бўлмоқда. Карантин чоғида жуда яхши дам олгани ва янги ўйин услубига мослашгани ҳақида бонг урган футболчи рестартдан сўнг, янада ёмон футбол намойиш этмоқда. Унинг омадсиз учрашувлари кўпайиб кетгач, Сетьен томонидан захира футболчисига айлантиришини тушуниш мумкин. Мураббийга раҳбарият ва футболчилар томонидан ўтазилаётган босим туфайли Кике натижа берувчи футболчиларни майдон тушуришга мажбур бўлмоқда. Гризманн янги амплуага мослашишга энди бироз “қарилик” қилади. Унинг асл позициясида тўп суриш “Барселона”га ноқулай. Айнан шу тўсиқ сабабли ҳам Гризманн ўзи учун сарф этилган миллионларни оқлай олмаяпти.

5-тўсиқ. Антуаннинг характери

Месси кек сақлашга ўрганиб қолган инсон. Катта эҳтимол билан у Антуанни Пике билан бўлган суҳбатини (кичик видеоролик бўлиб, унда Пике Гризманндан “Барселона”дан келиб тушган таклиф ҳақида сўрайди. Антуан бошини баланд кўтарганча кулиб “Барса”га рад жавобини бериши ҳақида сўзлаб беради) унутмаган. Тан олиш лозим, кулиб турувчи Гризманн ҳеч қачон етакчи футболчилар қаторида бўлмаган. У ЕЧЛ финалида ҳам, Европа чемпионати финалида ҳам ярқ эта олмаган юлдуз. Соддароқ қилиб айтганда, Антуан таблодаги натижага таъсир кўрсатишга қодир жангчи эмас. У шунчаки, жамоавий ўйиннинг якунловчи қисми холос. 2018-йилда Франция Хорватияни финалда енгган бўлсада, енгилган жамоадаги Модрич Гризманндан фаолроқ кўринди. Антуанда муҳим учрашувларда омадсиз ҳаракат қилиши синдроми бор бўлса керак. Акс ҳолда, ўз фаолиятидаги энг муҳим учрашувларни омадсиз ўтказмаган бўлар эди. Айнан шу камчилиги боис, қўлидаги “олтин тўп”ни Модричга бой бериб қўйди. Шундай бўлсада, у ўтган йили энг бадавлат 10 та футболчидан бири эканлиги маълум қилинди. Афсуски, Антуан майдонда деярли ҳеч нарсани исботлаб бераётгани йўқ. У турли видеоўйинлар ўйнашни, АҚШга НБА матчларини томоша қилгани учиб боришни ва ҳатто Япониядаги чой маросимларини кузатиб боришни канда қилмайди. Умуман олганда, Антуан қувноқ ҳаёт тарафдори. Шу сабабли, жамоани елкасида кўтариб юриш керак бўлганда у доимо “йўқолиб қолади”. Ундаги бу камчилик аввал ҳам бўлган, катта эҳтимол билан энди ҳам бўлади.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 07:30, 09.07.2020.
Ўқилди: 13208 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.