Аввалроқ, қишда, "Челси" ва "Манчестер Юнайтед" ўхшаш равишда, таркибда бир қатор ёшлар билан яхши ўйинлар кўрсатиб юрганида, бу икки жамоани солиштиргандим ва Сульшернинг вазифаси Лэмпардга нисбатан қийинроқ эканини айтгандим.
Сабаби, "МЮ"дан фарқли равишда "Челси" таркибида Жоржиньо, Канте, Аспи, Виллиан каби ўз вақтида Англияда чемпион бўлган футболчилар бўлиб, ўйин асосан уларнинг устига қурилаётганди. Сульшерда эса, ундай шароит йўқ, жамоа ростанам ғўр эди.
Орадан бир неча ой ўтиб, энди, агар янги жамоа қуриш ҳақида гап борса, "МЮ" бир қадам олдинроқда эканини кўрамиз, бунинг сабаби ҳам, юқоридаги фикрлардан келиб чиқади.
"Юнайтед" келаси мавсумда ҳужумда, ҳимояда ва яримҳимояда кимлар билан ўйнашини ҳозирдан билади — етишмаётган баъзи мурватлар, захира вариантлари ва жамоа савиясини оширишда аниқ позиция учун юлдуз сотиб олинади, бўлди.
Шу нуқтаи назардан, Лэмпарднинг иши ҳали кўп:
1) Жоржиньонинг ўрни қандай бўлади. Гўёки Лэмпард бразилиялик футболчига ишонмаётгандек туюляпти.
2) Кантени сақлаб қолинадими?
3) Карантиндан кейин "Челси"нинг ҳар голида иштирок этаётган Виллиан ҳали ҳам янги шартномага рози бўлмади.
4) Ҳимояда Аспидан бошқа футболчиларнинг ўрни баҳсли, на Зума, на Кристиансенни биз келажакдаги "Челси"нинг асосий футболчиси дея оламиз.
5) Абраҳам кузда янги топ футболчидек эди, ҳозир эса, ишончни оқлай олмаяпти. Вернернинг трансфери бежизмас.
Хуллас, "Челси"да дарвозабондан тортиб, барча чизиқларда ким, қайси боғламлар ҳаракат қилиши ҳалигача аниқмасдек. Пулишич, Маунт ва Жеймс бу мавсумнинг энг ёрқин нуқталари сифатида айтилиши мумкин бўлса-да, бу футболчилар пойдевормас, ижрочи сифатида Лэмпарднинг қуроллари бўлишади холос.
Шу пайтда эса, Сульшер ҳар бир чизиқда асосий ўйинчи ким-у, айнан ўша футболчининг захира вариантида ким ўтиради, билиб бўлди.
Кутилаётган Жейдон Санчо трансфери ҳам ҳатто, ҳозир ҳар ўйинда гол ураётган Гринвуднинг позициясига келяпти. Яъни, янги футболчидан худди Вернер сингари бугун ва тез гол кутишмайди, Санчо келган тақдирдаям, бемалол, клубга мослашиб олиш имконига эга бўлади.
Албатта, бу фикрлар узоқ муддатли давр учун қилинаётган ишлар ҳақида холос. Бу икки жамоадан қайси бири аввалроқ соврин ютади, буни билмайман. Қисқа муддатли лойиҳалар билан чемпионликка эришиш ҳам "Челси"нинг хусусиятларидан бири, Конте ва Жозе даврини эсланг. Бу ҳам бўлиши мумкин.
Юқоридаги фикрлар, шунчаки, собиқ жамоасида авлодлар алмашинувининг бошида туриши керак бўлган икки афсонанинг ишига берилган жорий баҳо. Ким юқорироқ ўрин олишидан қатъи назар, Сульшер бир қадам олдинда, назаримда.
Қаҳрамон Асланов.