Профессионал чарм қўлқоп усталаримизнинг рейтинги қандай?
Яхши биласиз, AIBA қарорига мувофиқ, яқин-яқиндан бошлаб профессионал боксчилар ҳам Олимпия ўйинларида, жаҳон чемпионатларида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Фақат бунинг учун спортчи проф рингда 15 тадан ортиқ жанг ўтказмаган бўлиши лозим. Шу сабабли, бугунги кунда профессионал ва ҳаваскор бокс ҳам бир-бирига узвий боғлиқ десак адашмаймиз. Зеро, айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси сафида профессионал рингда ҳам бир неча жанг ўтказишга улгурган чарм қўлқоп усталаримиз бор. Биз бугунги мақоламизда, айни пайтда профессионал боксчиларимизнинг жаҳон рейтингидаги ўринлари билан таништириб ўтмоқчимиз.
Маълумот учун, профессионал рингда тўртта нуфузли йўналиш бор. Улар – WBC, WBA, IBF ва WBO йўналишларидир. Ушбу йўналишларнинг ҳар бирида ўзбек боксчилари бор.
Мазкур ташкилотлар ҳар ой ўз критерияларига кўра рейтингларни эълон қилиб борадилар. Аниқроқ айтадиган бўлсак, баъзи йўналишда биринчи ўринни эгаллаб турган боксчи бошқа ташкилот рейтингида пастроқ ўринда бўлиши, ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Ҳозир биз сизларни июль ойи учун эълон қилинган рейтинг билан таништирмоқчимиз.
WBC (Бутунжаҳон бокс уюшмаси)
Юқорида санаб ўтилган ташкилотлар рейтингда энг кучли 15 нафар боксчини кўрсатадилар. Фақатгина WBC бошқалардан фарқли равишда ҳар бир вазнда энг кучли 40 нафар боксчининг рейтингини тузиб чиқади.
Биринчи ўта енгил вазн тоифасида (-48,9) Ҳасанбой Дўсматов 31-поғонага жойлашди. Ушбу йўналишда чемпионлик камари япониялик Кен Широга тегишли.
Биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (-63,50 кг) фаолиятини давом эттираётган Шоҳжаҳон Эргашев WBC рейтингида 32-поғонадан жой олган. Яна бир чарм қўлқоп устамиз Анвар Туропов эса 40-поғонага жойлашган. Айни пайтда мазкур вазн тоифасидаги чемпионлик камари америкалик Хосе Карлос Рамирес эгалик қилиб турибди.
Проф боксдаги энг нуфузли вазнлардан бири – ярим ўрта вазн тоифаси жангларда иштирок этадиган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (-66,67 кг) июль ойидаги рейтингда олтинчи ўринга кўтарилган. Абдуқаҳҳоров чемпион бўлиш учун америкалик Эррол Спенсга қарши жанг қилиб, уни мағлуб этиши лозим бўлади.
Биринчи ўрта вазн тоифасида (-69,8 кг) WBA Intercontinental чемпионлик камари соҳиби бўлиб турган чарм қўлқоп устамиз Исроил Мадримов янгилаган рейтингнинг 26-поғонасидан жой олган. Мазкур йўналишда чемпионлик камари америкалик Жермелл Чарлога тегишли.
Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги Азизбек Абдуғофуров (-76,2 кг) эса иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Маълумот учун, Азизбек айни пайтда иккинчи даражали WBC Silver камари соҳиби ҳисобланади. Мазкур вазнда, шунингдек, Бектемир Мелиқўзиев 38-поғонага жойлашган. Асосий камар ушбу вазн тоифасида америкалик Давид Бенавидесга тегишли.
WBA (Бутунжаҳон бокс ассоциацияси)
Июль ойида ушбу рейтингдан олти нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган.
Эълон қилинган рейтингда Рио Олимпиадаси совриндори Муроджон Аҳмадалиев иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,3 кг) чемпион сифатида қайд этилган. Аҳмадалиев шунингдек IBF йўналиши чемпиони ҳам ҳисобланади.
Биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (-63,5 кг) Рио Олимпиадаси финалчиси, ҳаваскор боксда жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов еттинчи ўриндан олтинчи ўринга кўтарилган. Бошқа бир боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев эса олтинчи ўриндан еттинчи поғонага тушган. Ушбу вазнда британиялик Жош Тейлор чемпион ҳисобланади.
Биринчи ўрта вазн (-69,85 кг) тоифасида Исроил Мадримов эса иккинчи ўринда турибди. Мазкур вазн чемпиони Доминикан вакили Хейсон Росарио ҳисобланади.
Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги боксчимиз, Олимпия ўйинларининг бошқа бир совриндори Бектемир Мелиқўзиев (-76,2 кг) эса 15-ўриндан жой олган. Ушбу вазнда WBA Super чемпионлик камари британиялик Каллум Смитга тегишли.
Ярим оғир вазн тоифасида (-79,3 кг) Рио Олимпиадаси бронза медали соҳиби Рустам Тўлаганов ҳам ТОП-15даги ўрнини сақлаб қолган – 15-ўрин. Мазкур дивизионда россиялик Дмитрий Бивол энг нуфузли камарга эгалик қилиб турибди.
IBF (Халқаро бокс федерацияси)
Ушбу рейтингдан ўзбекистонлик уч нафар боксчи ўрин олган. Худди WBA йўналишида бўлганидек, Муроджон Аҳмадалиев ушбу йўналишда ҳам иккинчи енгил вазн тоифаси (-55,3 кг) чемпиони сифатида қайд этилган.
Биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (-63,5 кг) Шоҳжаҳон Эргашев олтинчи ўринда қолган. Ушбу вазнда чемпионлик камари британиялик Жош Тейлорга тегишли.
Яримўрта вазн (-66,6 кг) тоифасида эса Қудратилло Абдуқаҳҳоров 1-поғонадан жой олган. У мазкур вазн тоифасида чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар ҳисобланади. Айни пайтда IBF камари Эррол Спенсга тегишли.
WBO (Бутунжаҳон бокс ташкилоти)
Юзага келган пандемия сабаб ҳозирча ушбу ташкилот янгиланган рейтингни эълон қилмаган. Сўнгги маротаба WBO март ойида янги рейтингни тақдим этганди. Ўша рейтингда икки боксчимизнинг исм-шарифи қайд этилган.
Унга кўра, ўта енгил вазн тоифасида (-50,8 кг) Олимжон Назаров 8-ўринда қайд этилган. Ушбу вазнда WBO чемпионлик камари айни пайтда вакант бўлиб турибди.
Биринчи ярим ўрта вазн (-63,5 кг) эса Шоҳжаҳон Эргашев 11-поғонага жойлашган. Ушбу вазнда ҳам чемпионлик камари америкалик Хосе Карлос Рамиресга тегишли.
Проф рингда ким нечта жанг ўтказган?
Ҳасанбой Дўсматов – 1
Олимжон Назаров – 30
Муроджон Аҳмадалиев – 8
Шаҳрам Ғиёсов – 9
Шоҳжаҳон Эргашев – 18
Анвар Туропов – 8
Қудратилло Абдуқаҳҳоров – 17
Исроил Мадримов – 5
Азизбек Абдуғофуров – 13
Бектемир Мелиқўзиев – 5
Рустам Тўлаганов – 3
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати