«Реал» клубининг молиявий аҳволи кутилганидан-да оғирроқ, дея хабар тарқатди Испаниянинг "Sport" нашри. Шу боис, клуб футболчиларнинг маошини яна қисқартиришни режалаштирмоқда.
Биринчидан, клубда «Сантьяго Бернабеу» стадиони реконструкциясининг қачон якунланиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бундан ташқари, томошабинларнинг стадионга киритилиши борасида ҳозирча аниқ гап айтиш қийин.
Иккинчидан, клубнинг икки асосий ҳомийси — "Fly Emirates" ва "Adidas" компаниялари шартномада кўрсатилган суммани тўлай олмасликларини маълум қилишди. Амирлик авиакомпанияси «Мадрид»га ҳар йили 40 миллион евро тўлаётган бўлса, "Қироллик клуби" техник ҳомий ҳисобланган форма ишлаб чиқарувчи компаниядан бир мавсумда 110 миллион евро олаётган эди. Аммо 2020 йилда тўловлар миқдори камайтирилади.
"Реал" футболчилари бундай бир неча ой илгари 2020/21 йилги мавсумда маошларнинг 10 фоизга камайтирилишига рози бўлишган эди. Раҳбарият маошларни яна 10%га қисқартириб, умумий камайтириш миқдорини 20 фоизга етказмоқчи.
«Реал» ёзда янги футболчи сотиб олмаслиги аниқ бўлиб улгурди. Аксинча, клуб ортиқча ўйинчиларни сотиш ёки ижарага бериш вариантларини кўриб чиқмоқда.